Ўзбекистон | 12:06 / 16.12.2019
9459
2 дақиқада ўқилади

ДХА томонидан яна бир тартиб соддалаштирилди

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Давлат хизматлари агентлиги томонидан яна бир тартиб соддалаштирилди. Бу ҳақда агентлик хабар бермоқда.

Қайд этилишича, шу вақтга қадар фуқаролар ўзларига тегишли бўлган қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш ҳамда ушбу мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун Давлат хизматлари марказларига алоҳида-алоҳида ариза билан мурожаат қилиб, 2 марта тўлов амалга оширилар ва натижаси 11 иш кунидан ортиқ вақт мобайнида кутишга мажбур эдилар.
 
Бу ҳолат фуқароларнинг камида икки ёки уч марта Давлат хизматлари марказларига келишларига ва оқибатда ортиқча вақт сарфлаб, қўшимча харажат қилишларига сабаб бўлар эди.
 
Эндиликда, Давлат хизматлари марказлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 11 июндаги 478-сон қарорига асосан қурилиши тугалланган бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш ҳамда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан бир вақтда, битта ариза бериш орқали амалга оширилади.
 
Бунинг учун фуқаролар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қуриб битказилган бино ва иншоотларини фойдаланишга қабул қилиш учун ариза билан мурожаат қилишлари кифоя.
 
Ушбу аризага асосан ваколатли идоралар бино ва иншоотларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномасини тасдиқлайди ҳамда кадастр идораси ушбу мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиб, натижаси бўйича далолатнома ва давлат реестридан кўчирма беради.
 
Бу билан давлат хизматини кўрсатиш муддати 2 иш кунига қисқаради ва қўшимча тўлов ундирилишига барҳам берилади.

Мавзуга оид