Ўзбекистон | 14:25 / 17.12.2019
7561
2 дақиқада ўқилади

Марғилон ва Қўқон шаҳарларида кўп қаватли арзон уй-жойлар қурилади

2020 - 2024 йилларда Фарғона вилоятининг Марғилон ва Қўқон шаҳарларини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Ҳужжатда белгиланишича, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Марғилон ва Қўқон шаҳарларида инфратузилма объектларини ривожлантириш ва урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, кўп квартирали уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини барпо этиш, саноат ва тадбиркорликни ривожлантириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун халқаро молия институтларининг маблағларини, шу жумладан Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкларининг 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги кредитларини жалб қилиш чораларини кўради.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Қурилиш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Урбанизация агентлиги, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ” ДУК билан биргаликда урбанизация жараёнларининг асосий йўналишларига мувофиқ Марғилон ва Қўқон шаҳарларининг бош режаларига 2020 йил 1 апрелга кадар тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминлайди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда Марғилон ва Қўқон шаҳарларида қурилиши режалаштирилаётган 9, 12 ва 16 қаватли арзон уй-жойлар учун “ЎзшаҳарсозликЛИТИ’’ ДУК томонидан ишлаб чиқилган янги турар жой массивларининг бош режа схемаларига асосан вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларидан танланган ер майдонларини белгиланган тартибда ажратиш ва ушбу шаҳарлар ҳудудига ўтказиш юзасидан Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид