Ўзбекистон | 19:11 / 17.12.2019
71688
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сайловларни баҳорга кўчириш таклиф қилинди

Бош прокуратура академияси доценти Гулчеҳра Маликова Ўзбекистонда ўтадиган сайловлар фуқаролар учун ноқулай муддатга белгиланган, деб ҳисоблайди.

У Халқаро матбуот марказида ўтган «Ўзбекистон сайловлари ва халқаро стандартлар» мавзусидаги давра суҳбатидан кейин Kun.uz мухбирига берган интервьюсида белгиланган муддат сайловчиларга турли қийинчиликлар келтириб чиқараётгани ҳақида айтиб ўтди.

«Сайловлар ўтадиган қиш кунларида узоқ туманлардаги сайловчилар ва сайлов участкасидаги ходимлар аҳволини тасаввур қилинг. Улар сайлов кампанияси бошланганидан бошлаб 40 кун шу участкада бўлиши керак. 

Конституциянинг 117-моддасида Ўзбекистон Президенти сайлови, Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда - декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган. Бу жуда совуқ кунларга тўғри келади.

Бизнинг таклиф: Ўзбекистонда сайловлар об-ҳавонинг иссиқроқ кунларига кўчирилиши керак. Шу билан сайловчилар ҳам, сайлов жараёнларидаги масъуллар ҳам қийналишмасди», дейди у.

Гулчеҳра Маликованинг қўшимча қилишича, Ўзбекистондаги сайловлар апрель ойида ёки Наврўз байрами кунларида ўтказилиши керак.

«Бундай пайтда об-ҳаво яхши, одамларда ҳам байрам кайфияти ҳукм суради», дейди у.

Мавзуга оид