Жаҳон | 23:31 / 17.12.2019
14681
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда уран қазиб олиш тақиқланди

Фото: РИА Новости / Алексей Дружинин

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков мамлакатда уран конларини ўзлаштиришни тақиқловчи қонунни имзолади. Бу ҳақда Жээнбековнинг матбуот хизматидан “РИА Новости” ахборот агентлигига маълум қилинган.  

Президент аппарати маълумотларига кўра, ушбу қонундан мақсад аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни сақлаш, радиациявий ва экологик хавфсизликни таъминлаш ҳисобланади. Қонунга кўра, Қирғизистон ҳудудида уран ва торий конларини қидириш ва ўзлаштириш, радиоактив моддаларни сақлаш ва мамлакатга шундай турдаги хом ашё ва чиқиндиларни олиб кириш тақиқланади. 

Қирғизистоннинг Иссиқ-кўл вилоятида “ЮрАзия” компанияси томонидан уран конининг ўзлаштирилиши маҳаллий аҳоли томонидан кескин қаршиликка учраганди. Шу сабабли 2019 йил март-апрель ойларида уран қазиб олинишига қарши кўплаб намойишлар бўлиб ўтган. 

Экофаолларнинг таъкидлашича, Қирғизистонда емирилиб, экологияга зарар етказаётган радиоактив моддалар сақланувчи юзлаб жойлар мавжуд. Уларнинг фикрича, уран қазиб олувчи янги корхона нафақат экологияга, балки Иссиқ-кўлнинг туристик имижига ҳам зарар етказган. 

Мавзуга оид