Спорт | 12:16 / 19.12.2019
5203
2 дақиқада ўқилади

Наманганда япон футбол мактаби очилади

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга биринчи расмий ташрифи арафасида, Токиода бўлиб ўтган Ўзбекистон-Япония Бизнес форуми доирасида ўтказилган музокаралар натижасида Наманган вилояти ҳокимлиги ҳамда Япониянинг Яманаши префектураси таниқли футбол клуби – “Ванфоре Кофу” ўртасида ҳамкорлик алоқаси ўрнатилиб, англашув меморандуми имзоланди.

Бу ҳақда Наманган вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Келишувга кўра, Япония J2 League дивизиони етакчи жамоаларидан бири бўлган “Ванфоре Кофу” ва Наманган футболи ўртасида доимий ҳамкорлик ўрнатилади. Япон клуби яқин даврда Наманганда ўз футбол мактабини очади, ушбу мактабнинг энг яхши тарбияланувчилари “Ванфоре Кофу” таркибига қўшилиш имконига эга бўлишади. Шунингдек наманганлик мураббийлар учун япон мутахассислари иштирокида ўқув семинарлари, мастер-класслар ташкил этади. “Ванфоре Кофу” ҳамда “Навбаҳор” жамоалари асосий таркибининг ўртоқлик ўйинлари ўтказилади.

“Suzuki”, “Citizen”, “NNS”, “Pioneer”, “Daihatsu” каби Япониянинг ўнлаб таниқли йирик компанияларнинг ҳомийлигида фаолият олиб бораётган “Ванфоре Кофу” билан эришилган бу келишув ҳомий компанияларнинг Наманган вилоятига бўлган қизиқишини шакллантиришга ҳамда келгусида инвестициялар соҳасида ҳамкорлик учун замин яратиши мумкин.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид