Ўзбекистон | 10:33 / 22.12.2019
35058
2 дақиқада ўқилади

Сайловнинг дастлабки натижаси қачон эълон қилиниши маълум бўлди

Ўзбекистон вакиллик органларига бўлиб ўтаётган сайловнинг дастлабки натижалари бугун, 22 декабрь куни сони 23:00да эълон қилинади

Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломовга асосланиб, Kun.uz мухбири хабар берди.

«Ҳозирга қадар [соат 10:00гача бўлган вақтда] сайлов қонунчилигининг бузилишига оид маълумотлар келиб тушмади, қўпол қонунбузарлик ҳолатларига йўл қўйилмади», – дея қайд этди МСК раиси.

Абдусаломовнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон бўйлаб 60та сайлов участкасига 120та видеокамера ўрнатилган бўлиб, сайлов жараёни онлайн трансляция қилинмоқда.

Сайловлар Ўзбекистондаги 10260 та ҳамда хориждаги 55 та сайлов участкасида давом этмоқда. Япония, Жанубий Корея, Хитой, Малайзия, Сингапур, Таиланд ва Ҳиндистон каби мамлакатлардаги сайлов участкаларида биринчилардан бўлиб овоз бериш жараёни бошланган.

Синов тариқасида Ўзбекистондаги 20та сайлов участкасига биометрик паспорт асосида шахсни идентификация қилувчи қурилмалар ўрнатилган бўлиб, мазкур тажриба иш берса, келгуси сайловларда барча сайлов участкалари ана шундай қурилмалар ўрнатилади.

Мирзо Улуғбек Абдусаломовнинг маълум қилишича, автоматлаштирилган электрон тизим асосида 20 млн 495 минг 457 нафар сайловчи рўйхатга олинган бўлиб, шундан 18 млн 797 минг нафари (91,7 фоиз) Ўзбекистонда, 1 млн 697 минг нафари (8,3 фоиз) хориждаги сайлов участкаларига тўғри келади.

Жараённи Ўзбекистонда ёритиш учун 70дан ортиқ хорижий ОАВнинг 131 нафар вакили ҳамда 800га яқин маҳаллий журналист аккредитациядан ўтган.

Мавзуга оид