Спорт | 09:38 / 24.12.2019
10882
8 дақиқада ўқилади

Иқтидорли спортчиларни тақдирлаш ва рағбатлантириш тартиби маълум бўлди

Иқтидорли спортчиларни тақдирлаш ва рағбатлантириш тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасига кўра, республика олий таълим муассасаларига имтиёз асосида қабул қилинишига талабгор ўқувчи-спортчилар тоифасига ўрта (11-синф негизида), ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини битирганига 3 йилдан ортиқ муддат бўлмаган ҳамда сўнгги уч йил давомида спортнинг олимпия турлари шу жумладан, спортнинг техник ва амалий турлари, “Кураш” миллий спорт тури, самбо, шахмат, шашка, автомобиль ва мотоцикл спорти, спортнинг авиамодель ва ракетамодель турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги раҳбарлигида ўтказилган халқаро спорт мусобақалари (Олимпия, Паралимпия, Осиё ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионатлари ва кубоклари) ҳамда Республика спорт мусобақаларини ўтказиш тўғрисидаги низомга мувофиқ ўтказилган республика спорт мусобақаларида совринли ўринларни (1, 2, 3-ўрин) қўлга киритган фуқаролар киради.

Халқаро ва республика спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш

Республика ва халқаро спорт мусобақаларнинг индивидуал турларида ғолиб ва совриндорликни қўлга киритган имтиёзга эга спортчилар олий таълим муассасасига қўшимча давлат гранти асосида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинадилар.

Республика ва халқаро мусобақаларнинг жамоа турларида ғолиб ва совриндорликни қўлга киритган командаларнинг (ўз командалари таркибидан – академик лицейлар, касб-ҳунар коллежлари ва умумтаълим мактаблари битирувчиларидан уч нафар номзодни белгилайдилар) имтиёзга эга спортчилари олий таълим муассасасига қўшимча давлат гранти асосида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинадилар.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг тавсиясига асосан, Республика ва халқаро мусобақаларнинг жамоа турларида ғолиб ва совриндорликни қўлга киритган командаларнинг қолган вакилларига уларнинг спортдаги натижаларини инобатга олган ҳолда олий таълим муассасасига қўшимча давлат гранти асосида тест синовларисиз ва қўшимча имтиҳонларсиз қабул қилинишлари мумкин.

Халқаро ва республика спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорларининг тренерларни тақдирлаш ва рағбатлантириш

Вилоят ва республика спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчи-спортчиларнинг тренерлари мусобақа ташкилотчилари томонидан таъсис этилган совринлардан қатъий назар қуйидаги:

вилоят босқичида: 1-ўрин учун – 10 баравари, 2-ўрин учун – 8 баравари, 3-ўрин учун – 5 баравари;

республика босқичида: 1-ўрин учун – 35 баравари, 2-ўрин учун – 30 баравари, 3-ўрин учун – 20 баравари миқдорида бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланадилар.

Халқаро спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчи-спортчиларнинг тренерларини тақдирлаш алоҳида норматив-ҳужжатларда белгиланади.

Вилоят, республика ва халқаро спорт мусобақалари ғолибларини тайёрлаган спорт таълим муассасаларининг тренерларига қуйидаги малака тоифалари:

вилоят босқичи ғолибини тайёрлагани учун биринчи малака тоифаси;

республика ва халқаро мусобақалар ғолибини тайёрлагани учун олий малака тоифаси тўғридан-тўғри берилади.

Халқаро ва республика спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари бўлган ўқувчи-спортчиларнинг тренерларини рағбатлантириш амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Халқаро ва республика спорт мусобақаларида совринли ўринларни қўлга киритган ўқувчи-спортчиларнинг тренерларини моддий рағбатлантириш учун маблағлар Спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси учун Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигига ажратиладиган маблағлар ҳисобига амалга оширилиши назарда тутилади.

 Республика олий таълим муассасаларига имтиёз асосида қабул қилинишига талабгор ўқувчи-спортчилардан аризалар қабул қилиш

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг жойлардаги ҳудудий органлари имтиёзга эга спортчилар рўйхатини шакллантиради ва вазирликка тақдим этади.

Имтиёзга эга спортчилар Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг жойлардаги ҳудудий органларига ариза ва ҳужжатларини ҳар йили 15 майига қадар топширади.

Имтиёзга эга спортчилар вазирликнинг жойлардаги ҳудудий органларига қуйидаги ҳужжатларни топширадилар:

Жисмоний тарбия ва спорт вазири номига ариза (захира сифатида 2 та олий таълим муассасаси ҳамда таълим йўналиши ва тили хам аниқ кўрсатилиши шарт);

фуқаролик паспорти нусхаси ёки ички ишлар бўлимлари томонидан берилган 09-шакл бўйича жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами, паспорт серияси ва рақами кўрсатилган маълумотнома;

паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси;

умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан) нусхаси;

республика ва халқаро спорт мусобақаси совриндори (1, 2, 3-ўрин) дипломи (асли);

республика ва халқаро спорт мусобақаси буйруғидан кўчирма;

республика ва халқаро спорт мусобақаси низоми;

республика ва халқаро спорт мусобақаси баённомасидан кўчирма;

тегишли спорт турлари бўйича Республика олий спорт маҳорат мактаблари, Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Республика техник ва амалий спорт турлари маркази тавсияномаси;

ўз командасидан уч нафар номзодни танлаб олганлик тўғрисида тренерлар кенгаши қароридан кўчирма.

 Республика олий таълим муассасаларига имтиёз асосида қабул қилинишига талабгор ўқувчи-спортчиларнинг ариза ва ҳужжатларини умумлаштириш, кўриб чиқиш ва уларни талабаликка тавсия этиш

 Имтиёзга эга спортчилар томонидан топширилган ариза ва ҳужжатлар Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан умумлаштирилиб, рўйхати шакллантирилади ва 15 июнга қадар Жисмоний тарбия ва спорт вазири томонидан ташкил этиладиган Имтиёзга эга спортчилар ҳужжатларини ўрганиш бўйича махсус комиссия томонидан ўрганиб чиқилади.

Махсус комиссия таркибига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари, спорт федерация (уюшма)лари ва спорт ташкилотлари мутахассислари жалб қилиниши мумкин.

Махсус комиссия хулосасига кўра ҳар бир олий таълим муассасасига имтиёзга эга спортчилар рўйхати таълим муассасалари ва таълим йўналишлари кесимида шакллантирилиб, қўшимча давлат гранти асосида кундузги таълим шаклига талабаликка тавсия этиш учун Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига юборилади.

Имтиёзга эга спортчиларнинг халқаро спорт мусобақаларида эришган ютуқларига алоҳида эътибор қаратилади.

Бир таълим йўналишида ўқиш истагини билдирган имтиёзга эга спортчилар сони 20 нафардан ортиқ бўлган тақдирда, спортда эришган натижаси пастроқ бўлган ўқувчи-спортчилар махсус комиссия қарори билан спорт турларининг соҳа бўйича мос келишига риоя қилинган ҳолда уларнинг доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасасига тавсия этади.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг қалбакилиги ёки мазкур тартибда белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланган тақдирда мазкур имтиёзга эга спортчилар талабаликка тавсия этилмайди.

 Республика олий таълим муассасаларига имтиёз асосида қабул қилинишига талабгор ўқувчи-спортчиларни ўқишга қабул қилиш

 Давлат комиссияси қарорига асосан талабаликка тавсия этилган имтиёзга эга спортчилар Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига 1-илова билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ, тегишли ҳужжатларини тавсия этилган олий таълим муассасасига тақдим этадилар.

Давлат комиссиясининг қарори 20 нафаргача имтиёзга эга спортчиларни қўшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилиш тўғрисидаги олий таълим муассасаси ректори буйруғининг қабул қилинишига асос бўлади.

Мавзуга оид