Ўзбекистон Халқаро очиқ маълумотлар Хартиясига қўшилишни режалаштирмоқда
Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотлар инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинади.
Вазирлар Маҳкамасининг муҳокама учун эълон қилинган қарори лойиҳасига кўра, фойдаланувчиларнинг очиқ маълумотларга бўлган эҳтиёжи ортиб бораётганлиги муносабати билан мамлакатда давлатнинг жамиятга очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, электрон ҳукумат тизимини ислоҳ қилиш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси очиқ маълумотлар порталини такомиллаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, вазирлик ва идоралар томонидан Порталда эълон қилинадиган маълумотлар тўпламларининг ўз вақтида янгиланмаслиги, шунингдек, Порталдаги маълумотлар уларнинг расмий сайтларида эълон қилинадиган маълумотлар билан айнан бир хил келмаслиги кузатилмоқда.
Бу, ўз навбатида, иқтисодий, молиявий ва статистик ахборотларни мажбурий нашр этиш, шунингдек, уни Порталда ҳамда Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, устав капиталида давлат улушига эга ташкилотлар расмий сайтларида янгилашга доир аниқ талабларни белгилаш заруратини яратади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда дунёдаги ўртача даражадан паст эканлигини ва кўп жиҳатдан очиқ маълумотлар соҳасида бир қатор ривожланаётган мамлакатлардан ортда қолаётганлигини кўрсатади. Ушбу ҳолат халқаро сармоялар, сайёҳлар, инновацион ечимлар ва технологияларни жалб қилишга халақит берадиган халқаро миқёсда мамлакат обрўсига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Шунингдек, тадқиқотлар Ўзбекистон Республикасининг Халқаро очиқ маълумотлар Хартиясига қўшилиш зарурлигини кўрсатди, унинг асосий мақсади – иштирокчиларнинг ахборотнинг очиқлиги, мавжудлиги ва инклюзив ривожланишига интилишини ифода этувчи принципларга мувофиқ сиёсий ўзгаришларга чидамлилигини ошириш учун ҳукуматларда очиқлик маданияти ва амалиётини жорий этиш эканлигини кўрсатди.
Хартияга қўшилиш, ўз навбатида, мамлакатларнинг очиқликка бўлган садоқатини баҳолайдиган "Очиқ маълумотлар барометри" ва "Очиқ маълумотлар глобал индекси" каби халқаро рейтингларда ва индексларда иштирок этиш имконини беради.
Ҳужжат билан қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Хартия тамойилларига риоя этилиши бўйича "Йўл харитаси";
2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотларнинг ривожланиш Концепцияси;
Портал тўғрисида Низом тасдиқланади.
Давлат статистика қўмитасига:
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда Ўзбекистон Республикасини Хартияга қўшиш бўйича зарур чораларни кўриш вазифаси юклатилади;
Ўзбекистон Республикаси Хартия тамойилларига риоя этилиши бўйича "Йўл харитаси"нинг барча бандларини бажарилиши устидан доимий мониторинг олиб боради;
Агентлик, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотларни ривожлантириш Концепциясини амалга ошириш бўйича зарур чоралар кўради.
Давлат статистика қўмитасига Ўзбекистон Республикаси Халқаро очиқ маълумотлар Хартияси тамойилларини бажариш бўйича фаолиятни мувофиқлаштириш юкланади.
Давлат статистика қўмитаси:
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, устав капиталида давлат улушига эга ташкилотлар расмий веб-сайтлари махсус саҳифаларида ва Порталда очиқ маълумотларни шакллантириш, жойлаштириш, қайта ишлаш ва эълон қилиш Регламентини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимиятлари органлари ва устав капиталида давлат улуши бўлган ташкилотлар учун мажбурий бўлган очиқ маълумотлар тўпламларини Порталда эълон қилишга масъул шахслар учун намунавий лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқади.
Давлат статистика қўмитаси 2021 йилнинг 1 январига қадар кенгайтирилган ва такомиллаштирилган функцияга эга Порталнинг янги версиясини ишлаб чиқиш ва амалда татбиқ қилишни таъминлайди.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва устав капиталида давлат улушига эга ташкилотлар 2021 йилнинг 1 январига қадар идоравий ахборот тизимларидаги очиқ маълумотлар тўпламларини тасдиқланган Рўйхатга асосан Портал билан интеграциялаштирилишини, шунингдек уларни доимий равишда жойлаштирилишини таъминлайдилар.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва устав капиталида давлат улушига эга ташкилотлар раҳбарлари:
Халқаро очиқ маълумотлар Хартияси тамойилларига риоя қилишга;
2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида очиқ маълумотларнинг ривожланиш Концепияси талабларини бажаришга;
Рўйхат асосида Порталда эълон қилинадиган ахборотларнинг мазмунига, тўлиқлигига, ишончлилигига, ўз вақтида шакллантирилишига ва янгилаб турилишига;
тегишли ахборотларни шакллантиришда халқаро методологик стандартларни, тавсияларни ўрганишга ва уларнинг амалда қўлланишига;
иқтисодий, молиявий ва бошқа статистик ахборотларни эълон қилишга;
миноритар ва портфел инвесторлари томонидан талаб қилинадиган сифатли, ишончли ва долзарб ахборотларни эълон қилишга;
расмий сайтларда эълон қилинадиган ахборотларнинг Порталда жойлаштириладиган ахборотлар билан айнан бир хил келиши ва ўзаро боғлиқлигини таъминлаш юзасидан шахсий жавобгардирлар.
Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат улушига эга ташкилотлар Порталда очиқ маълумотлар тўпламларини эълон қилиш масалалари бўйича масъул мансабдор шахсни тайинлашни таъминлайдилар.
Мавзуга оид
08:44 / 06.06.2022
Паррандачиликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизими ўзгаради
16:10 / 26.04.2022
Бирорта ҳам ҳудудий ҳокимлик бюджет бўйича очиқ маълумотларни эълон қилмаган – Ҳисоб палатаси
09:01 / 08.04.2022
«Олима аёллар жамияти» нималар билан шуғулланиши маълум бўлди
07:51 / 26.03.2022