23:35 / 26.12.2019
0
6433

Сўх туманида «Агробанк»нинг капитал таъмирланган замонавий биноси очилди

2018 йил 23 мартдаги ПҚ-3620-сонли «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент қарорига асосан, банк тизимида хизматлар кўрсатишнинг бозор механизмлари жорий этилмоқда, уларнинг турлари кенгайтирилмоқда, тадбиркорлар ва аҳоли учун молиявий очиқлик ошиб бормоқда. Шунингдек, тизимда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларга зарурий шарт-шароит яратиб берилишига ҳам аҳамият қаратилмоқда. Буни биргина олис Сўх тумани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бугун, 26 декабрь куни Фарғона вилояти Сўх туманида «Агробанк»нинг капитал таъмирланган ва замонавий қиёфа касб этган биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда «Агробанк»нинг вилоятдаги раҳбарияти, туман ҳокими, нуроний отахонлар ҳамда корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.

«Буни биз сўхликларга президентимизнинг янги йил совғаси деб қабул қиламиз ва берилаётган шундай эътиборлари учун юртбошимизга миннатдорчилик билдирамиз», – деди тадбирда сўз олган 90 ёшли отахон Субҳиддин Шарофиддинов.

Замонавий бинонинг очилиши тумандаги «Агробанк» ходимлари учун навбатдаги яхши янгилик бўлди. Чунки 22 декабрда бўлиб ўтган сайловларда банкнинг Фарғона вилояти бошқарувчиси Азимов Муроджон Камиловичнинг номзоди 44-Сўх сайлов округидан Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутатлигига сайланган эди.

Банк биносини капитал таъмирлаш мақсадида давлат томонидан 1,3 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, таъмирлаш ишлари «Вертикал плюс» қурилиш фирмаси томонидан амалга оширилди.

Янги офисга салкам 700 миллион сўмлик мебеллар олиб келиниб, жиҳозланди; ходимлар ва мижозлар учун зарурий шароитлар яратилди.

Айни пайтда банкда 29 нафар ишчи-ходимлар фаолият олиб боришмоқда. Бу ерда «Back-office» ва «front-office» тизими орқали мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган.

2020 йил остонасида туманнинг Зангат маҳалла фуқаролар йиғинида янги замонавий иншоот қуриб, фойдаланишга топширилди. Алоҳида қайд этиш лозимки, бажарилаётган барча ишларда сўхлик тадбиркорларнинг ҳиссаси жуда катта. Туманга хорижий инвестицияни жалб қилган ҳолда, шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 793-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида бугун Сўхда таърифга арзигулик иш амалга оширилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 6-7 май кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида белгилаб берган топшириқлари ижроси тўғрисида йиғилиш баёнига асосан, Сўх туманида фаолият кўрсатаётган «Дилшод» хусусий корхонаси томонидан замонавий АЁҚШ бунёд этиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг юқорида кўрсатилган 793-сонли қарорига биноан инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бугун шу лойиҳа туманда амалга оширилди. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард 200 миллион сўм бўлиб, тадбиркорнинг ўз маблағи эвазига қуриб битказилди ва туман аҳлига тақдим этилди. Йўл бўйида жойлашган бу хизмат кўрсатиш комплекси таркибига замонавий АЁҚШ, ресторан, автомобилларни ювиш шохобчаси, транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш нуқтаси, санитария-гигиена тизими шохобчалари жойлашган бўлиб, ўзининг қулайлиги билан ҳам аҳамиятлидир. 

Шуни ҳам алоҳида қайд қилиш лозимки, «Нисо» номи билан фаолият юритадиган замонавий ресторан Сўх туманида қуриб фойдаланишга топширилган биринчи ресторандир.

Сўх тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top