Ўзбекистон | 20:42 / 27.12.2019
8366
3 дақиқада ўқилади

Ерга оид қонунбузилиш ҳолатларининг учта сабаби маълум қилинди

Фото: Ергеодезкадастр давлат қўмитаси

Ўзбекистон Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раиси Абдушукур Абдуллаев ерга оид қонун бузилиш ҳолатларига олиб келган омилларни санаб ўтди.

«Биринчиси – бу собиқ иттифоқ парчаланиши. Собиқ иттифоқ парчаланганидан кейин ер тузувчи мутахассисларнинг йўқ бўлиб кетганлиги. Штатлари қисқартириб ташланган. Илгари, собиқ иттифоқ пайтида колхоз, совхоз дегани бўларди, битта колхозда камида биттадан ер тузувчиси бўлган. Битта туманни оладиган бўлсак, нечта колхоз, совхози бўлса, шунча ер тузувчилари бўлган. Лекин нима бўлди? Битта туманда битта [ер тузувчи]га тушиб қолди. У ҳам ҳаммасида эмас.

Иккинчиси – ерларни тарқатиш, ер ажратиш жараёнларининг шаффоф эмаслиги. Ер тендер асосида бериларди. Тендерлар қандай ташкил этиларди? Уни ҳам жуда яхши биласизлар. Очиқлиги таъминланмаган. Ер олмоқчи бўлган одам келади, аризасини беради, ойлаб кутади. Палон вақтда келинг, пистон вақтда келинг, ҳаммаси йиғилмади, кейинги ойга қолдирилди... Шундай қилиб, олти ой, етти ой, бир йилгача чўзиларди. Энг ёмони – бир йилгача чўзилиб, кейин охирида салбий жавоб оларди.

Учинчи сабабга келсак, президентимизнинг жуда кўп такрорлайдиган иборалари бор: қонун устувор, жазо муқаррар. Қонунчиликда белгиланган нормаларимиз бор. Лекин ўшани бузганликка жазо муқаррарлигини ҳис этмаслик бу ҳам ерга оид қонун бузилишларига олиб келди», – деди Абдушукур Абдуллаев.

Қўмита раиси мазкур муаммоларни бартараф этиш бўйича сўнгги 2-3 йилда қилинган ишларга тўхталди. Дастлаб соҳадаги кадрлар масаласи ҳал этилгани ва республикада 1034та ер тузувчи штатлари киритилгани, аввалги кўрсаткич деярли 6 баробарга кўпайтирилганини айтиб ўтди. Шунингдек, ерларни аукцион орқали бериш йўлга қўйилгани таъкидланди.

«Юқорида айтилган ношаффоф бўлган жараёнлар энди очилди. Шу ой яна бир қарор чиқди. Аукционни ўтказиш яна такомиллаштирилди», – деди Абдуллаев 27 декабрь куни матбуот анжуманида.

Маълум қилинишича, ўтказилган мониторинг натижасида жорий йилнинг 25 декабрь ҳолатига республика бўйича 4596та ҳолатда жами 1941 гектар ер майдони ердан фойдаланувчилар ва фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниб, шундан 337 гектарига (17 фоиз) уй-жой ва бошқа қурилишлар қуриб олинганлиги ва ерлардан самарасиз фойдаланиб келаётганлиги аниқланиб, бартараф этилиши бўйича тегишли чоралар белгиланган.

Мавзуга оид