Жаҳон | 11:43 / 31.12.2019
141727
8 дақиқада ўқилади

СССР қандай парчаланганди — қабоҳат салтанатининг йўқликка юз тутиш сабаблари

ХХ аср — инсоният бошига мисли кўрилмаган фалокатлар солган иккита жаҳон уруши билан бирга иккита кучли давлат, СССР–АҚШ қарама-қаршилиги орқали ёдда қолди. Бу зиддият, айниқса иккинчи жаҳон урушидан кейин кучайди. СССР уруш ғолиби сифатида дунё социализмининг раҳнамоси бўлган бўлса, АҚШ жаҳон капитализми пешқадами бўлди.

Бунда дунё давлатларини ўз томонига оғдиришда АҚШ кўпроқ ўз капиталига суянди, СССР эса зўравон сиёсатга. Масалан, ўз фуқароларига қилинган кўплаб зўравонликлар етмагандай иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг СССР ғолиб сифатида Шарқий Европа ва Осиёдаги бир нечта давлатларни мажбурий тарзда социализм бошқарувига ўтказди. Шу тариқа бу давлатлар СССРга тобе бўлиб қолди.

Албатта, улар орасида СССРга тобе бўлишни хоҳламай жаҳон ҳамжамиятидаги бошқа давлатлар билан ўзаро тенг ҳуқуқли муносабат ўрнатишни хоҳлайдиганлари ҳам чиқди. Аммо СССР ундай ҳаракатларни куч билан бостириб, қонга ботирди. 1954 йил Венгрия, 1968 йил Прага воқеалари шулар жумласидан.

СССР ҳарбийлари Венгриядаги қўзғолонни бостириш чоғида. 1956 йил, Будапешт
СССР ҳарбийлари Прагадаги қўзғолонни бостириш чоғида. 1968 йил, Прага

Тарихдан маълум, зўравонликда ҳаддидан ошган давлатларнинг ҳеч бири узоқ яшамаган. СССР ҳам бундан мустасно бўлмади. Бу давлат 69 йил умр кўриб, парчаланиб кетди.

Бу парчаланишга 1985 йил 11 март санасида КПСС Марказий Қўмитасининг Бош секретари этиб тайинланган Михаил Горбачёв ҳам том маънода «яхши» ҳисса қўшди.

Горбачёв раҳбар бўлган пайтда бир тарафдан афғон уруши, иккинчи тарафдан Ғарбнинг ўша уруш туфайли СССРга жорий қилган иқтисодий санкциялари ортидан мамлакат оғир аҳволга тушган эди.

Михаил Горбачёв

Вазиятни ўнглаш учун Горбачёв бир қатор ислоҳотларни ўтказишга уринди. Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш режа қилинди. Мамлакатдаги кўплаб тақиқлар бекор қилинди. Ҳатто 1990 йилда КПССнинг гегемонлигига чек қўйилиб, унга мухолиф бўлган партиялар тузишга ҳам рухсат берилди. Халқаро майдонда АҚШ билан муносабатлар яхшиланиб, Брежнев даврида бошланган «совуқ уруш»га барҳам берилди.

Ана шундай ҳолатда иттифоқдош республикаларда миллий уйғониш ҳаракатлари бошланди. Ҳар бир республикада миллий тил давлат тили деб эълон қилинди. Воқеалар, айниқса 1990 йилдан кейин жуда тезлашиб кетди. Ўша йили нафақат иттифоқдош республикалар, балки уларнинг таркибида бўлган автоном ҳудудларнинг аксарияти ўз мустақиллик декларациясини эълон қилган бўлса, яна бир қисми кенгайтирилган автономия талаби билан чиқди. Шу тариқа СССР сўнгги кунларини яшаётгани аниқ бўла бошлади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Мустақиллик декларациясини 1990 йил 20 июнда қабул қилган.

Бу орада маълум ва машҳур ГКЧП ҳодисаси рўй берди ва СССРни сақлаб қолмоқчи бўлганлар томонидан уюштирилган давлат тўнтариши муваффақиятсизликка учради. 

ГКЧП аъзолари телевидение орқали халққа ГКЧП ҳақида маълумот беряпти. 1991 йил 19 август

Шундан сўнг иттифоқдош республикалар бирин-кетин ўз мустақилликларини эълон қила бошлади.

СССР таркибидан энг биринчи Болтиқбўйи республикалари 1990 йилдаёқ — 11 мартда Литва, 4 майда Латвия, 8 майда Эстония чиқиб кетган. Қолган иттифоқдош республикалар 1991 йил августидаги ГКЧП воқеасидан кейин иттифоқни тарк этишди. Туркманистон 27 октябрь, Қозоғистон 16 декабрда ўз мустақиллигини энг охирида эълон қилишган. 

19–21 август кунлари рўй берган ГКЧП ҳодисаси ортидан иттифоқдош республикаларнинг аксарияти ўз мустақиллигини эълон қилгани билан СССР ҳали ҳужжатларда яшашда давом этаверди.

1991 йил 8 декабрь куни Беларусь ўрмонларида жойлашган Беловеж қароргоҳида Россия президенти Борис Ельцин, Украина президенти Леонид Кравчук, Беларусь Олий Кенгаши раиси Станислав Шушкевич томонидан СССРни тарқатиб юбориш ва унинг ўрнига Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги тузилмасини тузиш ҳақида ҳужжатлар имзоланди.

Беловеж қароргоҳида СССРни тарқатиш ҳақидаги битим имзоланяпти

25–26 декабрь кунлари СССР Олий Совети Республика Кенгаши иттифоқ тугатилгани ҳақида декларация қабул қилди. Горбачёв СССР президенти лавозимидан кетганини эълон қилди ва шу тариқа 69 йил дунёнинг иккинчи қутби сифатида яшаб келган қудратли давлат парчаланиб кетди. Жаҳон харитасида эса ўн бешта янги мустақил давлат пайдо бўлди.

Кўплаб тарихчилар ва таҳлилчилар СССРдек катта ва кўп миллатли давлат қуролли можароларсиз, қон тўкилмай тинчгина тарқаб кетишини шу давлатда яшаган халқлар учун ҳам, тарих учун ҳам муваффақиятли ҳодиса деб баҳолайди.

СССРнинг парчаланиш сабаблари

СССР тарқалиб кетганига 28 йил бўлган бўлса-да, турли тадқиқотчилар, таҳлилчилар ҳануз бу давлатнинг тарқаб кетиш сабабларини таҳлил қиладилар, тадқиқот олиб борадилар. Уларнинг фикрича, СССРнинг тарқаб кетишига қуйидаги омиллар сабаб бўлган:

1. Афғон уруши

СССР Афғонистонга қўшин киритгандан сўнг 1970-йилларда ўзаро муносабатлар бироз илиқлашган Ғарб дунёси билан алоқалар яна совуқлашди. АҚШ бошлиқ Ғарб давлатлари СССРга қарши иқтисодий санкцияларни кучайтирди, иттифоқдан энергоресурслар сотиб олиш тўхтатилди. Натижада, СССР иқтисодиёти жуда катта зарар кўрди. Қолаверса, Афғонистондаги урушнинг ўзига ҳам улкан маблағ сарфланди. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволи ёмонлашиб пароканда бўла бошлади.

Термиз. Ҳайратон кўприги. СССР ҳарбийлари Афғонистондан чиқариляпти. 1989 йил

2. Горбачёв бошлаган «Қайта қуриш» ислоҳоти

СССР раҳбарлигига Горбачёв келганидан сўнг у бошлаган «Қайта қуриш» ислоҳотлари иқтисодий кўрсаткичлар масаласида тобора пастга шўнғиётган мамлакатнинг аҳволини ўнгламади. Аксинча, оғирлаштирди. Аммо, Горбачёв ўзидан олдин ўтган раҳбарлардан фарқли ўлароқ, фуқаролар учун кўплаб эркинликлар берди. Айниқса, миллий манфаатлар, ОАВ ва сўз эркинлиги масалалари анча ижобий кўриниш олди ва турли миллатга мансуб одамларнинг онгида мустақиллик ғоялари шакллана борди. Пировард натижада, ҳамма мустақилликка эришиш ҳақида ўйлай бошлади.

«Қайта қуриш» шиори

3. Қуролланиш ва космосни ўзлаштириш учун ҳаддан кўп маблағ сарфланиши

1950-йиллардан бошлаб дунёнинг етакчи давлатлари ўртасида қуролланиш ва космосни ўзлаштириш масаласида том маънода пойга бошланди. Бу пойгада СССР энг кўп маблағ сарфлаган давлатлардан бири бўлди.

Москвадаги Қизил майдондаги ҳарбий парад. 1990 йил

4. Социалистик лагерда бўлган Шарқий Европа мамлакатларининг социализмдан воз кечиши

Иккинчи жаҳон урушида ғалаба қозонган СССР «Буюк халоскор» сифатида Шарқий Европадаги Польша, Венгрия, Чехословакия, Руминия, Албания, Болгария, Югославия Иттифоқи ва Германия Демократик Республикасида ўзига тобе социалистик тузумлар шакллантирди. 1988-1989 йилларга келиб ушбу давлатларда ҳам социалистик тузумга нисбатан норозиликлар пишиб етилиб келди ва улар социализмдан воз кечиб, Ғарбга юзланди. Бунинг натижасида СССР Шарқий Европадаги бир нечта ишончли шерикларидан айрилди.

Ана шу омиллар натижасида пайдо бўлгандан бери зўравонлик сиёсати устига қурилган катта бир давлат қулади.

Ғайрат ЙЎЛДОШ тайёрлади.

Мавзуга оид