Light | 11:00 / 31.12.2019
75106
6 дақиқада ўқилади

Юракка хавф туғдирувчи 5 одат

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, юрак-қон томир касалликлари туфайли ҳар йили 17,5 миллион киши ҳаётдан кўз юмади: бу Тошкент шаҳри аҳолисидан 6 баробарга кўп. Шу билан биргаликда, 80 фоиз кишида инфаркт ва инсульт хавфини камайтириш имкони бўлган бўлади.

Фото: Depositphotos

Шифокорлар шуни таъкидлайдики, юрак касалликлари ўлимга олиб келмаслигининг энг яхши чораси — атиги 5 одатдан воз кечиш.

1 одат. Ҳар куни фастфуд ва дўконлардаги яримфабрикатлар тановул қилиш

«Тезкор овқатлар» таркибида юрак ва томирлар саломатлигини ёмонлаштирувчи компонентлар бор:

  • кўп туз — у сабабли артериал қон босими ва юракка юклама ортади;
  • даврийлиги турли хил бўлган аминлар — ҳарорат ортиши таъсирида юзага келадиган моддалар. Улар қон босимини оширади;
  • тўйинган ёғлар — холестерин ортишини қўзғатади, у эса томирларда қон юришини секинлаштирувчи тангачалар ҳосил қилади;
  • транс-ёғлар (маргарин ёки ўсимлик-сутли аралашмалар). ЖССТ маълумотларига кўра, транс-ёғлар юрак-қон томир касалликлари хавфини 21 фоизга оширади;
  • шакарли маҳсулотлар — ушбу «бўш калориялар» организмда тери ости ёг шаклида тўпланади. 
Фото: shutterstock.com

Шунингдек, истеъмоли бутунлай бекор қилиниши керак бўлган мутлақо ёмон овқат йўқлигини инобатга олиш керак. Агар сиз одатда соғлом овқатлансангиз — дастурхонингизда мунтазам равишда сабзавот, мева, бутун донли нон, буғдойнинг қаттиқ навидан тайёрланадиган макарон маҳсулотлари, ёғсиз гўшт ёки балиқ бўлса, демак сизда ҳафтасига икки марта бургер, бир қадоқ чипс ёки бир стакан кока-коланинг зарари бўлмайди.

Асосийси, фастфудни бир порциядан ортиқ истеъмол қилмаслик ва ҳар куни кўча овқатини буюртма қилмасликдир. Бунинг жиддий сабаблари бор: қовурилган картошкани ҳафтасига уч ёки ундан кўп марта истеъмол қиладиган одамларда эрта ўлим хавфи туғилиши исботланган.

2 одат. Камҳаракат турмуш тарзи

Юрак-қон томир касалликлари ўтиришга асосланган турмуш тарзи туфайли ривожланади. Бу ўтган асрнинг 90-йилларидан бери маълум. Аммо етарлича ҳаракат қилинаётганини қандай билиш мумкин?

Америка олимларининг бундан беш йил олдинги тадқиқот хулосалари шуни исботладики, агар одам кунига беш соатдан кўпроқ вақт бир жойда ўтирса, унинг юрак артериялари мўрт ва ҳимоясиз бўлиб қолади. Ишдан кейин спорт залига бориш буни бартараф этолмайди.

Жаклин Кулински, тиббиёт фанлари доктори, Висконсин штати тиббиёт коллежи юрак-қон томир касалликлари кафедраси доценти, тадқиқотнинг етакчи муаллифи:
— Тушлик пайтида пиёда сайр қилинг, телефонда гаплашаётганда офис атрофида айланинг, лифт ўрнига зинадан фойдаланинг ва кундалик юриш нормасини унутмаслик учун смартфонларга мўлжалланган қадамўлчагич дастурларидан фойдаланинг. 

Фото: shutterstock.com

Кечки ҳордиқ ва дам олиш кунларига келсак, жисмоний фаолиятнинг ҳар қандай миқдори унинг йўқлигидан яхшироқдир. Шунинг учун, агар ишдан кейин ўзингизни кучсиз сезсангиз, метрогача ёки уйгача пиёда боришнинг ўзи етарли (шу орқали ҳар кунги бир хилликдан халос бўласиз). 

Юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлаш учун ЖССТ мутахассислари ҳафтасига камида 2,5 соат юришни маслаҳат беришади. 

3 одат. Чекиш

Чекиш нафақат юрак ва қон томирларига, балки бутун танага зарар етказади. Масалан, АҚШда ҳар бешинчи киши кашандалик туфайли вафот этади. Артериялар энг кўп зарба олади: фаол ва нофаол тарздаги чекиш қондаги кислород миқдорини камайтиради ва томирларда атеросклеротик тангачалар ҳосил бўлишини тезлаштиради. Бу юрак-қон томир касалликларига олиб келиши мумкин.

Кўпинча касаллик ўзини намоён қилмайди, аммо атеросклеротик тошмалар очилиб қон оқими билан бирга юрак ёки мияга етганда жуда кеч бўлади. Инфаркт ва инсульт шу тарзда содир бўлади. Чекишни ташлаш орқали уларнинг олдини олишингиз мумкин.

Ҳозирга қадар мунтазам чеккан бўлсангиз ҳам, ташлаб юбориш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди.  

4 одат. Спиртли ичимликлар истеъмоли

Шифокорлар, умуман ичмаслик энг фойдали эканлигига ишонишади. Кундалик бир стакан пиво (350 мл), бир стакан шароб (140 мл) ва кучли спирт (40 мл) таркибида 14 г тоза спирт мавжуд. Қон томир саломатлиги учун жиддий хавф туғилиши учун бу етарли ҳисобланади. Қон босими ва холестерин даражаси ошади. 

5 одат. Текширувлардан ўтмаслик

Ўзингизни яхши ҳис қилган тақдирингизда ҳам соғлигингизни назорат қилиб боришингиз керак. Юрак-қон томир касалликлари «шошилмас қотиллар» деб номланади: касаллик белгилари аста-секин ва сездирмасдан ривожланади, баъзан туғма мойиллик туфайли. Шу сабабли, юрак-қон томир касалликлари ҳатто соғлом турмуш тарзини олиб борадиган ёшларга ҳам таҳдид солиши мумкин. 

Фото: shutterstock.com

Касаллик илк даврларини ўтказиб юбормаслик ва даволанишни ўз вақтида бошлаш учун соғликнинг асосий кўрсаткичларини кузатиш жуда муҳимдир: 

  • бел атрофини тортиш ва ўлчаш; 
  • қон босимини ўлчаш;
  • ЭКГ қилиш;
  • қондаги глюкоза ва холестерин миқдорини аниқлаш учун текширувдан ўтиш. 

Натижалар таҳлил қилиш ва шахсий хавф даражасини аниқлаш учун терапевт ёрдамга келади.

Хулоса
Соғлом турмуш тарзи юрак учун хавфли одатлар устидан осонликча ғалаба қозона олади. Кучли берилиш талаб этилмайди: юрак «мотори» ва унга олиб келадиган томирлар саломатлигини сақлаш учун соғлиғингизни назорат қилиш, фастфудга ўрганиб қолмаслик, спиртли ичимликлардан воз кечиш, кўпроқ юриш ва чекишни ташлаш кифоя.

Мавзуга оид