20:43 / 01.01.2020
0
79931

«Биз зарба беришга тайёрмиз»: Хоминаий Трампга жавоб қайтарди

Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоминаий маълум қилдики, кимки мамлакат манфаатларига таҳдид қилгудек бўлса, расмий Теҳрон жавоб зарбаси қайтаради. Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Эронни америкаликларнинг Ироқдаги элчихонасига уюштирилган ҳужумни ташкиллаштиришда айблаганди.

31 декабрь куни АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасида минглаб кишилар йиғилиб, америкаликларнинг шиа айирмачилари манзиллари томон йўллаган авиазарбаларидан норозилик билдиришди. Намойишчилар элчихона деворларини бузиб, ичкарига киришган.

Кейинроқ Трамп твиттерида ушбу ҳужум ортида Эрон тургани ҳақида баёнот берди. У АҚШнинг одамлари ҳалок бўлса ёки унинг объектларига зарар етса, Эронга «катта ҳақ тўлаттириш»га ваъда берган.

«Одамлар ҳалок бўлса ёки биноларимизга шикаст етса, барча масъулият Эрон зиммасида бўлади. Улар жуда катта баҳода ҳақ тўлашади!

Бу огоҳлантириш эмас, таҳдид. Янги йил билан!», деган Трамп твиттердаги саҳифасида. Кейинроқ журналистлар билан мулоқот вақтида Трамп Эрон билан уруш бўлишини истамаслигини ҳам айтиб ўтган.

1 январь куни Али Хоминаий баёнот билан чиқди ва агар Эрон чорловни қабул қилса ва жангга киришса, буни қатъийлик билан амалга оширишини айтди.

«Биз урушга интилмаяпмиз, аммо биз Эрон халқи манфаатларини, қадр-қиммати ва шон-шарафини қаттиқ муҳофаза қиламиз.

Агар кимдир бизга таҳдид қилса, биз иккиланмасдан қарши чиқамиз ва жавоб зарбасини берамиз», деган у.

Чоршанба куни Эрон ТИВ ҳам АҚШнинг Теҳрондаги манфаатларини ифодаловчи Швейцариядаги ишончли вакилини чақиртирди. Эрон ҳукумати у орқали «БМТ низомига зид иш тутувчи милитарист» америкалик мулозимларга қарши шикоят билдирди.

«АҚШ ҳукумати асоссиз равишда бошқаларни айблашнинг ўрнига, бошқа халқлар билан қандай гаплашишни ўрганиши ва оккупацион ҳаракатларини тўхтатиши керак», дейилади Эрон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.

Элчихона қамали

Сешанба кунги намойишлар вақтида намойишчилар АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси ҳудудидаги қўриқчилар постига ўт қўйишди ва дипломатик миссия ҳудудига бостириб киришди. Ҳудудда тартиб ўрнатиш учун АҚШ ҳарбий денгиз кучлари пиёдалари элчихона ҳудудига юборилди.

Намойишчилар «Америкага ўлим», «Америкага йўқ» дея ҳайқиришган, элчихона томон тошлар отишган ва АҚШ байроғини ёқишган.

Ироқ полицияси аввалига мегафонлар орқали намойишчиларни тарқалишга чақирган, кейин кўздан ёш оқизувчи гранаталар қўллай бошлаган. Элчихона қўриқчилари ҳам шовқинли гранаталар улоқтиришган.

Аввалига дипломатлар элчихона ҳудудидан эвакуация қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо кейинроқ АҚШ давлат котиби Майкл Помпео Fox News телеканалига берган интервьюсида, дипломатик миссияни эвакуация қилиш режалаштирилмагани, элчи Мэтью Толлер эса аввалроқ таътилга чиққани туфайли айни вақда Ироқда эмаслигини маълум қилди.

У шунингдек, Ироқдаги воқеалар туфайли Шарқий Европа ва Марказий Осиёга режалаштирган турнесини кечиктиришга мажбур бўлди.

31 декабрь куни кечга бориб намойишлар тинди. Би-би-си агентлигининг Ироқ соғлиқни сақлаш хизматидаги манбасига кўра, 50 нафарга яқин киши кўздан ёш оқизувчи газдан жабрланган ҳолда шифокорларга мурожаат қилган.

Пентагон раҳбари Марк Эспер элчихонага ҳужумдан кейин АҚШ ҳукумати ҳудудга зудлик билан 750 нафар аскар жўнатмоқчилигини маълум қилди.

Намойишчиларни нима ғазаблантирди?

Якшанба куни АҚШ авиацияси «Катаиб Ҳизбуллоҳ» шиа жангари гуруҳининг Сурия билан чегарадаги Ал-Қоим шаҳрида жойлашган лагерига ҳужум уюштирди, натижада камида 25 киши ҳалок бўлиб, 50дан ортиқ киши жароҳатланди.

Пентагон расмийларига кўра, «мудофаа мақсадидаги зарбалар» Ироқдаги учта ва Суриядаги иккита позицияга йўлланган. Нишонлар қурол-яроғ омборлари, шунингдек гуруҳ коалиция кучларига ҳужумлар уюштиришда фойдаланадиган кузатув пунктлари бўлган.

АҚШ ҳукумати бу ҳужумларни Киркукдаги базага берилган ракета зарбасига жавоб деб атади. Ўша ҳужум оқибатида бир америкалик ҳарбий ҳалок бўлиб, яна 4 ҳарбий жароҳат олганди.

Ироқ бош вазири Одил Абдул-Маҳдий америкаликларнинг авиазарбалари мамлакат суверенитетига таҳдид экани, бу Бағдод Вашингтон билан муносабатларни қайта кўриб чиқишига олиб келиши мумкинлигини айтиб ўтган.

«Катаиб Ҳизбуллоҳ» раҳбари АҚШга қатъий жавоб қайтарилишига ваъда берган. Эрон ҳукумати бу авиазарбаларни «терроризм акти» деб атаган.

«Катаиб Ҳизбуллоҳ» - Ироқ шиаларининг ҳарбийлашган гуруҳи бўлиб 2007 йилда Эрон қўллаб-қувватлови билан ташкил этилган.

АҚШ томони «Катаиб Ҳизбуллоҳ»ни Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан қалин алоқа ўрнатганликда ва Эрондан ёрдам олиб коалиция кучларига ҳужум уюштирганликда айблайди.

Америка маъмурияти Эрон ислом инқилоби қўриқчилари корпусини Яқин Шарқ ҳудудида АҚШга қарши террорчи гуруҳлар ҳаракатларини бошқарув механизми сифатида кўради.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top