Жаҳон | 09:57 / 06.01.2020
63269
2 дақиқада ўқилади

Трамп Ироқнинг қўшинларни олиб кетиш талабига жавоб қайтарди

Фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Ироқ парламентининг мамлакат ҳудудидан хорижий қўшинларни чиқариш қарорига жавобан Бағдодга санкциялар киритиш билан таҳдид қилди. Унинг айтишича, Ироқ томондан АҚШга нисбатан бирор-бир адоват қилинса, АҚШ санкциялар киритади.

«Агар улар биздан кетишни сўрашса ва буни душманларча амалга оширишса, биз уларга қарши умрларида кўрмаган санкцияларни киритамиз. Эронга қарши киритган санкцияларимиз улар олдида ҳолва бўлиб қолади», деб таъкидлаб ўтган Трамп.

АҚШ президенти Бағдод Вашингтонга Ироқда қурилган авиабаза катта пулга қурилгани ва бунинг эвазига ҳақ тўланмагунча АҚШ қўшинлари Ироқ ҳудудини тарк этмаслигини қўшимча қилган.  

«Бизда жуда қиммат авиабаза бор. Унинг қурилиши миллиардлаб долларга айланган. Улар бизга у учун ҳақ тўламагунларича кетмаймиз», деган Оқ уй раҳбари.

Трамп АҚШ Ироқда жуда катта пул сарфлаганини таъкидлаб ўтган.

«Мен сизга айтганман, Ироқ, Яқин Шарққа бориш давлатимиз қабул қилган энг расво қарор бўлган. Бироқ биз у ерга бордик ва у ердамиз. Биз у ердаги кўп жойлардан кетмоқдамиз», деган АҚШ президенти.  

«Сурияга келсак, мен бу чегарани [Сурия билан Туркия чегарасини] қўриқлашни истамаганим учун у ердан кетдим. Уларда ўз қўшинлари бор, ана улар чегарани қўриқласин. Биз буни хавфсизлик ҳудуди деб атамоқдамиз, бироқ аслида бунинг акси бўлмоқда, у ерда кўплаб одамлар ўлдирилди», дея қўшимча қилган Трамп.

Ироқда 3 январда америкалик ҳарбийлар томонидан эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилгандан кейин вазият кескинлашди. 

Ироқ парламенти 5 январда мамлакатда хорижий ҳарбийлар бўлишига чек қўйиш ва халқаро аксилтеррорчилик коалициясидан ИШИДга қарши курашда ёрдам сўраган илтимосини қайтариб олиш учун овоз берган.    

Мавзуга оид