Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2020 йилда Наманган ёшлари ҳаётида катта ўзгаришлар бўлади
Норин туманида Наманган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг вилоят ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар берди Kun.uz’га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати.
Видеоконференция тарзида барча туманлар ва шаҳар ёшлари ҳам иштирок этган учрашув чоғидаги ёшларга мурожаатида вилоят ҳокими “Наманган вилояти ёшларини ҳар томонлама рағбатлантириш мақсадида кўплаб янги ташаббусларни ҳам қўллаб-қувватлашга қарор қилдик” дея қайд этди ва 2020 йилдан бошлаб вилоятда ҳаётга татбиқ этиладиган ёшлар масалаларига оид янги дастурни эълон қилди.

Вилоят ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ Наманган ёшлари муаммоларини ўрганади
Наманганда вилоят ҳокими раҳбарлигида ёшлар масалалари, муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал этиш бўйича Ишчи гуруҳ тузилади ва барча туманларда ёшлар билан боғлиқ ҳолат ҳамда мавжуд муаммолар тўлиқ ўрганиб чиқилади.

“Ёшлар мурожаати” веб сайти Наманган ёшларига ҳар қандай муаммо ва таклиф билан вилоят ҳокимига мурожаат қилиш имконини беради
Вилоят ёшлари ўзларини қизиқтирган масалалар, таклифлар ҳамда муаммоларни юборишлари учун вилоят ҳокимлиги қошида “Ёшлар мурожаати” веб сайти ташкил этилади. Шунингдек, маълумотлар, таклифлар ва муаммоларни тезкор тарзда қабул қилиш учун вилоят ҳокимлигида “call center” ҳам йўлга қўйилади.

Республика ва хорижий олийгоҳларда ўқиётган 110 нафар иқтидорли талабанинг контрактлари вилояти ҳокимлиги томонидан тўлаб берилади
Вилоятда талаб юқори бўлган ва мутахассислар етишмаётган йўналишлар бўйича республика олийгоҳларида таълим олаётган 100 нафар талабанинг контракти маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ҳамда чет элда аниқ фанлар йўналишида ўқиётган 10 нафар иқтидорли талабанинг контрактлари ҳокимлик захирасидан тўлаб берилади. Бундай имтиёз тақдим этилган ёшлар билан ўқишни тамомлагач, ўз соҳасида 5 йил вилоят ҳудудида ишлаб бериш юзасидан шартнома имзоланади.

Ҳиндистон, Жанубий Корея ва Япония таълим марказлари ташкил этилмоқда
Ёшларнинг малакали касб эгаллашлари учун Ҳиндистон, Жанубий Корея, Япония билан ҳамкорликда касб-ҳунар ва замонавий тил ўргатиш марказлари ташкил этилади. Ушбу марказлар яқин ойларда фаолият кўрсатишни бошлайди.

Ҳар бир туманга янги спорт мажмуаси
Ҳар бир туманда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан янги спорт мажмуалари ташкил этилади.
“Ёшлар соати” теледастури ҳокимлар ва ёшларнинг мулоқот майдони бўлади. “Ёшлар медиа маркази” ташкил этилади.

Вилоят телевидениесида ҳар ҳафтада бир марта 2 соатлик “Ёшлар соати” дастури ташкил этилади. Дастур давомида вилоятда ёшлар томонидан амалга оширилаётган ишлардаги мавжуд муаммолар ёритилади ҳамда вилоят ва шаҳар, туманлар ҳокимлари, масъул раҳбарлар билан очиқ мулоқот ўтказилади.
Наманган шаҳридаги “Ёшлар маркази” қошида замонавий аппаратуралар билан жиҳозланган “Ёшлар медиа маркази” ташкил этилади.
1000 та иш ўрнидан иборат вилоят ҳокимининг квотаси шакллантирилади
Вилоятдаги корхоналар, ташкилотлар, йирик ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатувчи субъектларда умумий миқдори 1000 тадан иборат вилоят ҳокими квотаси иш ўринлари яратилади.

Халқаро фан олимпиадалари ғолибларига автомобиллар совға қилинади
Халқаро фан олимпиадалари ғолибларини муносиб тақдирлаш йўлга қўйилади. Тан олинган халқаро олимпиадаларда 1-ўринни қўлга киритганларга “Nexia-3”, 2-ўрин эгаларига “Spark”, 3-ўрин соҳибларига “Damas” автомобиллари совға тариқасида тақдим этилади.
Мактаб ўқувчилари ўртасида “Ўзбекистон тарихи” кўрик-танлови ташкил этилади
Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан мактаб ўқувчилари ўртасида “Ўзбекистон тарихи” кўрик-танлови ташкил этилади. Ғолиб ўқувчилар Ўзбекистон қадимий шаҳарлари бўйлаб барча харажатлари тўлиқ қопланган бепул саёҳат билан тақдирланади. Ҳар йили 10 нафар энг фаол ёшлар “Артек” халқаро дам олиш масканига бепул юборилади
Намангандаги корхоналар ёшларни хорижга бепул ўқишга юборади
Вилоятда салоҳиятли ҳамда замонавий билимларга эга кадрларни кўпайтириш ҳамда хорижий мутахассисларни замонавий корхоналарга катта маош эвазига жалб этишни камайтириш мақсадида йирик саноат корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ўзлари учун керакли йўналишларда 1 нафардан ёшларни аниқ фанлар йўналишида ўқитиш учун ўз маблағлари ҳисобидан чет элга юборишлари бўйича келишув имзоланади.
“Afsona music” ёш истеъдодлар очиқ кўрик-танлови ўтказилади
Ҳар йили вилоят ёшлари ўртасида анъанавий мусиқанинг 3 та – мақом, опера, эстрада йўналишларида “Afsona music” ёш истеъдодлар очиқ кўрик-танловини ўтказиш йўлга қўйилади. “Афсоналар водийси” боғидаги 2400 кишилик амфитеатр ушбу танловнинг ўтказиш ўрни сифатида белгиланади.
100 нафар ёшлар раҳбарлик лавозимига тайинланади
Ҳар бир вилоят ташкилоти ва бошқармаси ўз ҳажмидан келиб чиқиб, вилоят ва туманлар кесимида ёш раҳбар ёки раҳбар ўринбосарларини тайинлайди. Наманган вилояти бўйича 100 нафар ёшлар раҳбарлик лавозимига тайинланади.
Тайинланган раҳбар ёшларнинг тажрибасини ошириш мақсадида, вилоят ҳокими билан биргаликда туманлар ҳудудида аҳоли муаммоларини ўрганиш ташкил этилади.
“Янги ғоя” илмий платформаси илм-фанни ривожлантиради

Вилоят ёш олимлари ҳамда иқтидорли талабаларини бирлаштирган “Янги ғоя” илмий платформаси ташкил қилиниб, ҳар бир олийгоҳда вилоят ҳокимининг вакили тайинланади. Ёшларнинг инновацион ғоялари сараланиб, ҳар чоракда вилоят ҳокимлигига тақдим этиб борилади.
Янги хиёбонлар пайдо бўлади
Вилоят ёшлари билан бирга Наманган шаҳрида ҳамда туманлар марказларида хиёбонлар ташкил этилиб, дарахт экиш акцияси ўтказилади.
“Миллий ҳунармандчилик, меъморчилик ва дизайн” олий мактаби ташкил этилади
Наманганда “Миллий ҳунармандчилик, меъморчилик ва дизайн” олий мактаби ташкил этилади. “Миллий ҳунармандчилик, меъморчилик ва дизайнда инновациялар” деб номланган кўргазма ўтказилади. Миллий ҳунармандчилик, меъморчилик ва дизайнда инновацион ечимларга эга лойиҳалар учун вилоят ҳокимининг танлови эълон қилинади, ғолиб бўлган лойиҳаларни амалиётда қўллаш учун муаллифдан сотиб олинади.
“Хориждаги наманганликлар” клуби ташкил этилади
Чет элда ўқиб, ишлаётган наманганлик ёшлар иштирокида “Хориждаги наманганликлар” клуби ташкил этилади. Бунда ижтимоий тармоқда оммалашган “Наманганликлар” канали қошида махсус бўлим ташкил этилади.
Олимпиада спорт турларини қамраган “Маҳаллиада-2020” спорт ўйинлари ўтказилади
Оммавий спортни кенг тарғиб қилиш мақсадида Наманган тажрибаси сифатида республикада биринчи бор Олимпиада спорт турларини қамраган “Маҳаллиада-2020” спорт ўйинларини ўтказиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
17:37 / 04.06.2026
Наманганда терговчи ва адвокат пора билан ушланди
08:38 / 02.06.2026
Германияда ўзбекистонлик ёшлар учун махсус таълим дастурлари йўлга қўйилади
16:49 / 30.05.2026
“Болага ҳатто ота-онанинг кучи етмаяпти” — мактаблардаги интизом ҳақида суҳбат
17:31 / 26.05.2026