10:34 / 07.01.2020
0
24854

Ўзбекистонда давлат божи нималардан ундирилиши аниқ белгиланди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Давлат божи тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 9 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 14 декабрда маъқулланган.

Давлат божи юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.

Давлат божи турлари жумласига қуйидагилар ҳам киради:

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасалари томонидан консуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун тўланадиган консуллик йиғими;

ихтироларга, фойдали моделларга, саноат намуналарига, селекция ютуқларига, товар белгиларига, хизмат кўрсатиш белгиларига, товар келиб чиққан жой номларига, интеграл микросхемалар топологияларига ҳуқуқий муҳофаза бериш билан боғлиқ юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик учун тўланадиган патент божи.

Ваколатли муассасаларга ва (ёки) мансабдор шахсларга мурожаат қилаётган ва ўзига нисбатан юридик аҳамиятга молик ҳаракат ва (ёки) ҳужжатлар бериш амалга ошириладиган юридик ва жисмоний шахслар давлат божини тўловчилардир.

Давлат божи қуйидагилардан ундирилади:

1) фуқаролик ишлари бўйича судларга бериладиган даъво аризаларидан, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан берилган аризалардан (шикоятлардан), алоҳида тартибда юритиладиган ишларга доир аризалардан, фуқаролик ишлари бўйича судларнинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация шикоятларидан ва назорат тартибидаги шикоятлардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш ҳақидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ишлар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация шикоятларидан ва назорат тартибидаги шикоятлардан, чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги аризалардан, чет давлат судининг ҳамда чет давлат ҳакамлик судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ишлар юзасидан фуқаролик ишлари бўйича суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация шикоятларидан ва назорат тартибидаги шикоятлардан, шунингдек фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун;

2) иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан, ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан, низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан, иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш ҳақидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар бўйича иқтисодий суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, чет давлат судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалардан, чет давлат судининг (арбитражининг) ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, шунингдек иқтисодий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун;

3) маъмурий судларга бериладиган идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалардан, давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги, сайлов комиссияларининг ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш ҳақидаги, нотариал ҳаракатни содир этишни, фуқаролик ҳолати далолатномаларининг ёзувларини қайд этишни рад этганлик юзасидан низолашиш ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги, давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганлик ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаганлик устидан бериладиган шикоятлардан, маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш тўғрисидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш ҳақидаги, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан, шунингдек маъмурий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун;

4) нотариуслар ва Ўзбекистон Республикасининг консуллари томонидан нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун;

5) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этганлик учун, шунингдек фуқароларга фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этилганлиги тўғрисида такрорий гувоҳнома берганлик учун ҳамда фуқаролик ҳолати далолатномалари ёзувига ўзгартишлар, қўшимчалар, тузатишлар киритилиши ва унинг қайта тикланиши муносабати билан гувоҳнома берганлик учун;

6) Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортини, шу жумладан чет элга чиқиш учун, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахснинг биометрик йўл ҳужжати берилганлиги учун, чет элдан Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни, Ўзбекистон Республикасига таклиф қилиш тўғрисида ҳужжатларни берганлик учун, яшаш гувоҳномасини берганлик ёки унинг муддатини узайтирганлик учун, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш ва Ўзбекистон Республикаси фуқаролигидан чиқиш тўғрисида бериладиган аризалардан, Ўзбекистон Республикаси фуқароларини турар жойга қайд этганлик ва рўйхатдан чиқарганлик, турган жойи бўйича ҳисобга олганлик учун, шунингдек чет давлатлар фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни турар жойга қайд этганлик ва рўйхатдан чиқарганлик учун;

7) юридик шахсларни ва якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказганлик учун;

8) ов қилиш ҳуқуқига доир рухсатнома берганлик учун;

9) ихтиролар, фойдали моделлар, саноат намуналари, селекция ютуқлари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товар келиб чиққан жой номлари, интеграл микросхемалар топологиялари, электрон ҳисоблаш машиналари учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш учун;

10) чет эллик юридик шахслардан кўргазма юкларини расмийлаштирганлик, чет эллик юридик шахсларга божхона юк декларацияси бланкларини реализация қилганлик учун;

11) халқаро жамоат ташкилотларини рўйхатга олганлик, нодавлат нотижорат ташкилотларини, шу жумладан диний ташкилотлар, халқаро ва чет эл нодавлат нотижорат ташкилотларининг ваколатхоналари ва филиаллари ходимларини, шунингдек уларнинг қарамоғида бўлган оила аъзоларини аккредитация қилганлик, махсус рўйхатга олиниши керак бўлган мол-мулкни бошқа шахсга бериш шартномаларини тасдиқлаганлик, баҳоланиши лозим бўлган бошқа шартномаларни тасдиқлаганлик, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллик фуқаролар билан никоҳларини, шунингдек чет эллик фуқароларнинг ўзаро никоҳларини рўйхатдан ўтказганлик, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет эллик фуқаролар билан ҳамда белгиланган тартибда бедарак йўқолган ёки ақлий заифлик ёки руҳий касаллик туфайли муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар билан ёки жинояти учун камида уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилинган шахслар билан никоҳини бекор қилишни рўйхатдан ўтказганлик учун;

12) чет эллик фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кириш ёки кириш-чиқиш визаларини берганлик ва уларнинг амал қилиш муддатини узайтирганлик, чет эллик фуқароларга ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга кўп марталик чиқиш-кириш визаларини расмийлаштирганлик, чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни кириш визасининг амал қилиш муддати даврига вақтинчалик рўйхатдан ўтказганлик ва визанинг амал қилиш муддати узайтирилган даврда вақтинчалик рўйхатдан ўтказишни узайтирганлик учун, МДҲга аъзо давлатлар фуқароларини, шунингдек фуқаролик ҳақида белгилари бўлмаган собиқ СССР паспортлари билан МДҲга аъзо давлатларидан келган шахсларни вақтинчалик рўйхатдан ўтказганлик, чет эллик фуқаронинг, шу жумладан МДҲга аъзо давлатлар фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида доимий яшашга оид ҳужжатларини кўриб чиққанлик ва расмийлаштирганлик, чет эллик фуқарога ёки фуқаролиги бўлмаган шахсга паспорт ёки унинг ўрнини босувчи ҳужжатнинг йўқолганлиги ҳақидаги маълумотномани берганлик учун;

13) чет эл тижорат ташкилотлари ваколатхоналарини аккредитация қилганлик учун;

14) фаолиятнинг айрим турларини амалга оширишга доир лицензиялар ва рухсатномалар берганлик учун.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top