Жаҳон | 14:30 / 09.01.2020
63698
6 дақиқада ўқилади

Эроннинг дастлабки ҳисоботи: Самолёт аэропортга қайтишга уринган

«Украина халқаро авиалиниялари» (МАУ) авиакомпаниясининг чоршанба куни Теҳронда ҳалокатга учраган самолёти парвоздан кейиноқ аэропортга қайтишга уринган. Бу ҳақда Эрон фуқаролик авиацияси агентлиги (CAOI) эълон қилган дастлабки ҳисоботда маълум қилинган.

Rouzbeh Fouladi / ZUMA / Scanpix / LETA

8 январь куни тонгида Теҳрон-Киев йўналишида PS752 рейсини амалга оширган Boeing 737 русумли самолёт ҳавога кўтарилганидан бир неча дақиқа ўтиб қулаб тушганди. Самолёт бортида 176 киши бор эди ва уларнинг барчаси ҳалок бўлди.

Ҳисоботда айтилишича, самолёт радарлардан йўқолган вақтда 2500 метр баландликда бўлган. 

«Аэропортдан чиқишда аввалига ғарбга қараб учган самолёт муаммо юзага келгач ўнгга бурилган ва ҳалокат арафасида аэропортга қараб йўналган», деган CAOI вакили Али Обидзода «Тасним» агентлиги мухбирига.

Авиация агентлигидагиларнинг ҳисоблашича, ҳалокат арафасида самолёт бортида ёнғин келиб чиққан: гувоҳларнинг тасдиқлашича лайнер қулаётганда ёнаётган бўлган. Ҳозирча ёнғин сабаби аниқланмади.

«Учувчи диспетчерга бортдаги ҳолат ҳақида хабар бера олмаган», дея қўшимча қилган агентлик раҳбари.

Эрон самолёт «қора қутиси» ёзувлари асосида ҳодиса сабабларини ўрганишни давом эттирмоқда. Эронга самолёт ҳалокати сабабларини ўрганиш учун фавқулодда вазиятлар бўйича Украина давлат хизмати, Мудофаа вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Украина хавфсизлик хизмати, Украина миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши, шунингдек, Авиация ҳодисаларини ўрганиш бўйича миллий бюро вакилларидан иборат мутахассислар гуруҳи жўнатилган.

Чоршанба куни Обидзода Теҳрон самолёт «қора қути»си маълумотларини Boeing компаниясига ёки Америка ҳукуматига тақдим этмаслигини маълум қилганди.

«Маълумотлар бизнинг мамлакатимизда, бизнинг ташкилотлар томонидан ўрганилади. Аммо Украина (самолёт рўйхатдан ўтказилган давлат), АҚШ (самолёт ишлаб чиқарилган давлат), шунингдек, Швеция ва Канада (самолётда фуқаролари бўлган давлатлар) ҳукумати вакиллари ҳам ушбу жараёнда иштирок этиши мумкин», деганди у.

Асосий версиялар

Украина миллий хавфсизлик кенгаши котиби Алексей Данилов махсус комиссия томонидан кўриб чиқилаётган асосий версиялар ҳақида маълумот берди.

«Асосий версиялар орасида: самолёт зенит-ракета мажмуаси ҳужумига учрагани ҳақидаги тахмин ҳам бор. Воқеа ҳудудидан Россияда ишлаб чиқарилган «Тор» зенит ракета мажмуасидан учирилган ракета парчаси топилгани ҳақидаги сурат интернетда тарқалди», - деган Данилов «Цензор.нет» порталига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, терговчилар самолёт ҳавода бошқа бир объект билан тўқнашгани эҳтимоли, двигателда техник сабаб билан портлаш бўлгани ва лайнер бортида портлаш бўлгани эҳтимолини ҳам кўриб чиқишмоқда.

Эрон ҳукуматининг дастлабки ҳисоботи матни таркиби авиация соҳаси экспертларининг фикрларига зид эмас.

Экспертларнинг аксар қисми авиаҳалокат техник муаммолар туфайли рўй берган, деган фикрда.

Эрон транспорт вазирлиги вакили Қосим Низомий томонидан дастлаб берлган талқинда, ҳодисага двигател ишламай қолгани сабаб сифатида келтирилганди. Канада махсус хизматлари вакили Рейтер агентлигига берган интервьюсида двигателда ёнғин келиб чиққани тўғрисида маълумотлар мавжудлигини айтганди.

Аммо Би-би-сининг транспорт соҳаси бўйича эксперти Том Баррижнинг сўзларига кўра, Boeing 737-800 русумидаги самолётлар двигател ишламай қолган ҳолда ҳам уча олади.

Эксперт Тони Кейбл (у муқаддам авиаҳалокатларни текширувчи гуруҳларда ишлаган) двигателлардан бири ёна бошласа унга ёқилғи юборишни тўхтатиб, бир двигател билан учиш амалиёти мавжуд.

Шу билан биргаликда, Кейбл Британиянинг Sky News телеканалига берган интервьюсида самолёт уриб туширилгани белгилари мавжуд эмас.

«Агар гап шунда бўлганида, бу яққол кўриниб турган бўларди. Воқеа жойидаги самолёт парчаларида ракета излари кўриниб турган бўларди», - деган эксперт.

Шубҳали авиаҳалокат

Чоршанба куни тонгда содир бўлган авиаҳалокат оқибатида 7 мамлакат фуқаролари ҳалок бўлишди. Қурбонларнинг 82 нафари Эрон, 63 нафари Канада, 11 нафари (2 йўловчи ва экипажнинг 9 аъзоси) Украина, 9 нафари Швеция, 4 нафари Афғонистон, яна 3 нафардан киши Буюк Британия ва Германия фуқаролари эди.

Эрон ҳукумати дастлаб авиаҳалокатга самолёт двигателида ёнғин келиб чиққани сабаб бўлганини билдирганди. Эрон томони бу орқали Иорданиянинг Al-Hadath нашри ушбу самолётга ўша вақтда эронлик ҳарбийлар томонидан АҚШнинг Ироқдаги базаларига учирилган ракеталардан бири тегиб кетган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни рад этганди. Reuters агентлигининг Ғарб давлатлари махсус хизматларидаги манбага асосланиб хабар беришича, «боинг» ҳалокатига техник носозлик сабаб бўлган. Агентликнинг Канада махсус хизматларидаги манбаси лайнер двигателларидан бирида ёнғин чиққани тўғрисидаги маълумотни тасдиқлаган.

9 январь куни Украинада Теҳрондаги авиаҳалокат муносабати билан мотам эълон қилинди. Украина президенти Владимир Зеленский марҳумларнинг яқинларига яна бир бор таъзия билдириб, самолёт ҳалокати сабаблари «мустақил ва чуқур» ўрганилишини билдирди. Зеленский ўз чиқиши якунида украиналикларни самолёт ҳалокати сабаблари бўйича «манипуляция, спекуляция ва турли фитна назариялари» билдиришдан тийилишга чақирди.

Зеленский Киевдаги «Борисполь» аэропортида марҳумлар учун барпо қилинган мемориалга келиб гул қўйди.

Канадада ҳам мотам эълон қилинган: қурбонларнинг 62 нафари ушбу мамлакат фуқаролари эди. Канада бош вазири Жастин Трюдо ҳукумат авиаҳалокат бўйича текширувлар охиригача етказилишини маълум қилди.

Торонтода марҳумлар учун мемориал ташкил қилинди ва у ерга гуллар келтирилмоқда.

Мавзуга оид