18:55 / 13.01.2020
3
65441

30 миллион тўлаб Латвияга кетган меҳнат муҳожирлари ватанга қайтиб келди

2019 йил 28 декабрь куни Самарқанд шаҳрида жойлашган «AMILEE BAHORA» хусусий бандлик агентлиги томонидан Европа давлатига ишга жўнатилганлар дуч келаётган муаммолар ҳақида Kun.uz сайтида «Фуқаролар яна бир хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан норози» суриштируви эълон қилинган эди.

Мақолада, фуқаролар хорижда ишлаш учун «AMILEE BAHORA» ХБАга 25-30 млн сўмга қадар пул тўлагани, хорижда на ваъда қилинган ишга, на маошга эга бўла олмаган кўпчиликни ташкил этаётгани ҳақида хабар қилинган эди. Умуман, ушбу бандлик агентлиги билан боғлиқ бошқа ўрганишлар натижаси ҳам мақолада келтирилган эди. 

11 январь куни Тошкент халқаро аэропортига Ригадан амалга оширилган парвоз келиб қўнди. Унда юқоридаги хусусий бандлик агентлиги томонидан 30 млн сўм эвазига катта ваъдалар билан Латвияга юборилган икки ўзбекистонлик қайтиб келди. Улар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг амалий кўмагида ватанга қайтишга муваффақ бўлишди. Kun.uz мухбири ватанга қайтган меҳнат муҳожирларининг бири билан суҳбатлашди. 

«Бизлар «AMILEE BAHORA» ХБАга ҳужжатларимизни топширгандик. Ётоқ жой бепул, маош соатига 8-9 евродан деб ваъда қилишганди. Аммо, борганимиздан кейин буларнинг барча қуруқ гап эканига гувоҳ бўлдик. 3 ой ишлаб қўлимизга маош олмадик. Жуда пул керак бўлганида 50 евродан бериб қўйишди. Бизга қурилишда “отделька” ишлари дейишганди, аммо “фасад” ишларини бериб қўйишди. Яхши бўлар, деган илинж билан 3 ой кутдик», - дейди ватанга қайтиб келган меҳнат мигранти.

Унинг сўзларига кўра, у бир ой Германияда ҳам бўлишган, сўнгра яхшироқ иш топиш умидида Польшага ҳам ўтишган. Бироқ, бу икки давлатда ҳам уларнинг умиди чилпарчин бўлгач, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишга мажбур бўлишган.

У, шунингдек, хусусий бандлик агентликлари орқали хорижга ишга кетмоқчи бўлганларни эҳтиёткорликка ҳам чақирди. Улар билан шартнома имзолаганда имкон даражасида 3 томонлама шартнома тузишга ва тўловни амалга оширишда фақатгина банкка тўлаш кераклигига эътибор қаратди. 

«Мен бошқа фирма юборган одамларни ҳам кўрдим. Уларнинг ҳам аксарияти, масалан, 100 киши юборган бўлса, 20 нафари яхшироқ жойлашиб кетган, қолган 80 фоизи қийналиб юрибди. Шунинг учун улар билан шартнома қилганда эҳтиёткорроқ бўлишса яхши бўлади», - дейди суҳбатдош.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top