Жаҳон | 21:30 / 14.01.2020
8741
3 дақиқада ўқилади

Australian Open иштирокчилари ёнғинлар тутунидан шикоят қилишмоқда

Австралиянинг Мельбурнида ўтаётган Australian Open теннис мусобақаси иштирокчилари мамлакатдаги ўрмон ёнғинлари оқибатида келиб чиққан кучли тутунланиш сабабли соғлиқлари билан муаммоларга дуч келишди. Кучли тутун сабабли учрашувлар тўхтатилмоқда, мусобақа ташкилотчилари эса бирор қарор қабул қилишда ҳаво ҳолати мониторинги маълумотларига таянишларидан огоҳлантиришмоқда. Бу ҳақда ВВС телеканали хабар берди.  

Жумладан, 14 январда словениялик теннисчи Далила Якупович швейцариялик Штефани Фёгелега қарши саралаш учрашувида йўталдан нафас ололмай, йиқилиб тушган. У дастлаб ўйинни тўхтатишга, кейин эса мусобақадан чиқишига тўғри келган. Бундан аввалроқ 14 январдаги ўйинлар бошланиши тутун сабабли бир соатга ушланиб қолган, бироқ охир натижада ташкилотчилар спортчиларга кортга чиқишга рухсат беришган.

Кейинроқ Якупович журналистларга ҳушини йўқотиши мумкинлигидан қўрққанини айтган. У спортчиларга уларнинг саломатлиги учун хавфли вазиятда кортга чиқишга рухсат берган ташкилотчилардан норозилик билдирган ва уларнинг қарорларини адолатсиз деб айтган. 

Австралиялик Бернард Томичга эса кортда шифокор ёрдами талаб этилган, у ингалятор орқали нафас олган. Томич охир-оқибат рақибига мағлуб бўлиб, ATP’даги рейтингини яхшилаш имконидан маҳрум бўлган.

Австралиялик теннисчи Эжени Бушар эса ўйин вақтида бўғилгани ва кўнгли айнаганини айтган. 

Аввалроқ эса россиялик теннисчи Мария Шарапова германиялик Лаура Зигемундга қарши кўргазмали ўйинини тугата олмаган. Шарапова журналистларга кортда йўталдан бўғилганини айтган. У дастлаб буни яқинда ўтказган шамоллаш асорати деб ўйлаган, бироқ кейин рақиби ҳам ҳакамга йўталдан шикоят қилганини эшитган. Шундан кейин учрашувни тўхтатишга қарор қилинган.

13 январда бошланган мусобақани ҳаво яхшиланиши умидида бекор қилмасликка қарор қилинганди. 14 январдаги учрашувлар Мельбурн маъмурияти тутунланиш кучайгани сабабли одамларга кўчага чиқмасликни тавсия қилганига қарамай бекор қилинмаган. 

Австралияда ўрмон ёнғинлари октябрдан бери давом этмоқда. Ундан Виктория ва Янги Жанубий Уэлс штатлари энг кўп жабр кўрмоқда. Катта кўламли ёнғинлар сабабли умумий ҳисобда 10 млн гектар ўрмон ёниб кетган, 28 киши ҳалок бўлган.

Мавзуга оид