Ўзбекистон | 08:57 / 16.01.2020
18132
5 дақиқада ўқилади

ССП мажбурий аъзолик масаласи бўйича изоҳ берди

Фото: Савдо-саноат палатаси

Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектларининг ССПга аъзолиги масаласи тўғрисида изоҳ билан чиқди.

Билдирилишича, дунёда Савдо-саноат палаталарини ташкил этишнинг бир нечта моделлари мавжуд. Европа модели тадбиркорларнинг умуммажбурий аъзолигига асосланади (Франция, Германия, Италия, Испания, Нидерландия, Греция, Австрия, Туркия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар). Шунингдек қисман мажбурий аъзолик (Япония, Сингапур) ва ихтиёрий аъзолик моделлари мавжуд (Россия, Тожикистон, Туркманистон) 

Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектлари бирлашувининг ҳуқуқий асослари “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуннинг 10-моддасида белгилаб қўйилган бўлиб, унда уюшманинг мақсади, хусусан, хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ваколатлари аниқ белгилаб қўйилган.

Палата, тадбиркорлар уюшмаси сифатида 1996 йилда ташкил этилган. Президентнинг 19.07.2017 йилдаги 5087-сонли Фармони билан Палатанинг таркиби ва функциялари тубдан қайта ташкил этилди.

Палата зиммасига бизнес манфаатларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, уни ривожлантириш, аҳоли ва тадбиркорларни бизнес асосларига ўқитиш каби бир қатор функциялар юклатилган.

“Белгиланган функцияларни бажариб бориб, биргина 2019 йилда Палата томонидан тадбиркорлар иштирокида 888 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг жамоатчилик экспертизаси ўтказилди, шундан 521 та лойиҳалар бизнесни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги аниқланган; тадбиркорлар манфаатларида 6,3 трлн. сўмлик 70 мингдан ортиқ даъво аризалари киритилган; Палатанинг ҳакамлик судлари томонидан 243 млрд сўм миқдорида 10,6 мингта даъво аризалари кўриб чиқилди; 184,7 мингта бепул хизмат кўрсатилди (бу барча хизматларнинг 94,7 фоизи); 130 млн.АҚШ доллари миқдорида маҳсулот экспорт қилинишига ва 67,7 млн.АҚШ долларига тенг мини-технологиялар сотиб олишга кўмаклашди; 75 та бизнес форумлар ва кўргазмалар ташкил этилди; 15,4 минг фуқаролар ва тадбиркорлар бизнес асослари бўйича ўқитилди, улардан 79 нафари чет элда малака оширди.

Бу Палата ходимлари бажарадиган ишларнинг атиги бир қисми. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича деярли барча чоралар Палата томонидан ўз маблағлари ҳисобидан бепул таъминланади, унинг ягона манбаи аъзолик бадаллари ҳисобланади. Масалан, битта бизнес-форум каби бундай тадбирларни ўтказиш учун катта маблағ ва куч талаб қилиниши мумкин.

Палата кичик бизнесни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимида муҳим ўрин эгаллайди. Шу билан бирга, унга юкланган вазифаларни фақат юқори малакали ходимларни жалб қилган ҳолда барқарор молиявий ҳолати мавжудлигида бажариш мумкин.

“Савдо-саноат палатаси тўғрисидаги қонун”да (янги таҳрирда) қисман мажбурий аъзолик жорий этилган. Бугунги кунда Палата аъзолари 20321 та хўжалик юритувчи субъект (шундан атиги 4575 таси 2019 йилда аъзолик бадалини тўлаган) бўлиб, шулардан 15978 - якка тартибдаги тадбиркорлар, 218 - йирик тадбиркорлик субъектлари, 4125 - бошқа юридик шахслардир. Агар мамлакатда 663270 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият юритаётганлигини ҳисобга олсак, уларнинг атиги 3,1 фоизи Палата аъзоларидир.

Ушбу қонуннинг 17-моддасида фақат йирик тадбиркорлик субъектларининг мажбурий аъзолиги назарда тутилган. Амалиётда хам, қонуннинг ушбу нормаси айнан шундай амалга оширилади.  Мавжуд 2313 ана шундай корхоналардан бор йўғи 218 таси Палатанинг мажбурий аъзоси бўлди, уларнинг аксарияти давлат улушига эга.

“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 5-моддасида кичик бизнес субъектлари: якка тартибдаги тадбиркорлар; микрофирмалар ва кичик корхоналардир.

Бу қонуннинг 3-моддасига биноан тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, ўзи таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускорлик фаолиятидир.

Бундан келиб чиқадики, юқорида қайд этилган кичик бизнес субъектлари ҳам хусусий тадбиркорлардир ва қонунда уларга ихтиёрий аъзолик белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, Палатага қисман мажбурий аъзоликнинг жорий этилиши Конституция ва бошқа қонунларга зид эмас.

Хусусан, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасида “Сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, диний ташкилотлар ҳамда бошқа айрим нодавлат нотижорат ташкилотларини тузишнинг, улар фаолиятининг, қайта ташкил этилиши ва тугатилишининг хусусиятлари махсус қонунлар билан тартибга солинади. Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти соҳасининг у ёки бу муносабатлари махсус қонунлар билан тартибга солинмаган ҳолларда ушбу Қонуннинг нормалари қўлланилади” деб белгиланган.

ССПга аъзолик масаласи махсус қонун билан ҳал қилинганлиги сабабли, қисман мажбурий аъзолик ушбу қонуннинг 2-моддасига зид келмайди”, - дейилади Савдо-саноат палатаси изоҳида.

Қайд этилишича, қонунда “ва хусусий тадбиркорлик” сўзлари чиқариб ташланиши фақат йирик хўжалик юритувчи субъектларнинг аъзолигини жалб қилиш имкониятларини кенгайтиради, кичик бизнес субъектлари учун эса аъзолик ихтиёрий бўлиб қолади.

Мавзуга оид