Ўзбекистон | 23:58 / 22.01.2020
4453
3 дақиқада ўқилади

2019 йилда ноқонуний дарахт кесиш ҳолатлари қанчага камайгани маълум қилинди

Ўзбекистон шароитида ҳар бир кишига яшил қоплама ҳажми ўртача 55 квадрат метр тўғри келиши керак. Тошкент шаҳри ҳудудида 90 йиллар бошида одам бошига шу нормага мос миқдорда яшиллик тўғри келган.

Бу ҳақида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси раиси ўринбосари Абдушукур Ҳамзаев 22 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Абдушукур Ҳамзаев

Ноқонуний тарзда қанча дарахт кесилади?

2018 йилда 700тага яқин ноқонуний дарахт кесиш ҳолати аниқланган. Бу ўрмон хўжалигига 1 миллиард сўмга яқин зарар келтирган.

2019 йилда эса бундай ҳолатлар 200тага камайган: 500га яқин ноқонуний дарахт кесиш ҳолати аниқланган.

«Шунга қарамай, етказилган моддий зарар 2019 йилда ҳам 1 миллиард сўмни ташкил қилди», – дея маълумот берди Ўрмон қонунчилиги талабларини назорат қилиш бошқармаси бош мутахассиси Самгин Мадаминов.

Қайд этилишича, ҳозир ўрмонлар республика умумий майдонининг 7 фоизини ташкил этади, 2024 йилга қадар эса 11,2 фоизга етказилиши мақсад қилинган.

Ўзбекистонда йилига қанча дарахт экилади?

Ўрмон хўжалиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Ҳожимурод Толипов берган маълумотга кўра, кўчат экиш ойликларида республика бўйича ҳар йили тахминан 140-145 миллион дона ниҳол экилади.

«Лекин кўп жойларда маҳаллий ҳокимият ёки ташкилот ўсиш шароитини ҳисобга олмасдан кўчатларни экишади, оқибатда улар қуриб қолади.

Ёки экилган кўчатларнинг тақдирини бутунлай эсдан чиқаришганлари туфайли қанча дарахтларнинг қуриб қолганини ўзим кузатганман», – деди Ҳожимурод Толипов.

Унинг айтишича, ўрмон хўжалиги тизимида экиладиган дарахтларнинг салкам 99 фоизи суғорилмайдиган дашт ерларга ўтқазилади.

Ҳожимурод Толипов

Ҳар йили Ўзбекистон ўрмонларидан қанча ёғоч ишлаб чиқарилади?

Маълум қилинишича, ўрмончилик тизимида аҳолини арзон ва сифатли ёғочлар билан таъминлашга ҳам эътибор қаратилади.

Бунда тез ўсувчи дарахтлардан (масалан, тераклар) иборат плантациялар ташкил этилади ва улар 5-10 йил муддат оралиғида кесиб олинади.

Бундай плантациялардан ҳар йили ўртача 30 минг куб ишбоп ёғоч ва шох-шабба тайёрланади.

Истисноли ҳолатларда эса бирор касаллик тарқалмаслиги ёки ёнғин келиб чиқмаслиги учунгина дарахтлар кесилиши мумкин.

Мавзуга оид