Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Фарҳод Деҳқонов эҳтиёт чораси сифатида қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz'га маълум қилди.
Деҳқонов Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисми “а” банди (жуда кўп миқдордаги зарарга сабаб бўлган ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш)да кўзда тутилган қилмишни содир этганликда гумонланмоқда.
Бош прокуратурага кўра, у ўз хизмат ваколатини суиистеъмол қилиб, дарахтларни кўчириб ўтказишга рухсат бериш орқали уларнинг йўқ қилинишига шароит яратиб берган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz 9 сентябр куни Тошкентнинг Чилонзор ва Учтепа туманларида иккита яшил ҳудуд пайҳон қилингани ҳақида репортаж эълон қилган эди. Чилонзордаги ҳолатда 58 туп дарахт кесиб ташланган бўлса, Учтепада 42 туп дарахт қуриб қолган.

Фото: Maxar / Google Earth
Иккинчи ҳолат “Ватан” кинотеатри олдида, собиқ трамвай депоси ўрнида рўй берган. Бу ерда қуриб қолган 42 туп дарахтдан 27 таси кўчириб ўтказилгани учун, 4 таси эса қаровсизлик оқибатида қуриб қолган. Экологларнинг биринчи хатловида бор бўлган 11 та дарахт эса ҳозир йўқ.
Kun.uz мухбири репортажни тайёрлаш жараёнида Учтепа тумани экология бўлими бошлиғи Азимжон Исроиловдан дарахтларни кўчириш учун тегишли рухсат олинган-олинмагани ҳақида сўраган эди.
“Тадбиркорлик субъекти “Goroda stroy” МЧЖнинг Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 2021 йил 4 октябрда келиб тушган мурожаатига асосан, давлат инспекторлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, ҳудуддаги дарахтларни кўчириб ўтказиш ва кесиш бўйича берилган мурожаатга рад жавоби берилган”, – деганди Исроилов.
Экология қўмитаси баёноти ҳам буни тасдиқлайди. Унга кўра, “Goroda stroy” МЧЖнинг дарахтларни кесиш бўйича сўрови 2021 йил 11 октябрда рад этилган ва дарахтларни сақлаб қолиш юзасидан огоҳлантириш берилган.
















