Ўзбекистон | 19:41 / 22.01.2020
72605
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда энг кучли бўлиб қолмоқда 

Фото : KUN.UZ

Global Firepower таҳлилий маркази томонидан тузилувчи дунёнинг энг кучли армиялари рейтингига кўра, Ўзбекистон 2019 йилда Марказий Осиёдаги энг кучли армияга эга давлат бўлди ва минтақа бўйича қўшни давлатлар – Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистонни бу борада ортда қолдирди.  

2019 йил натижаларига кўра, Ўзбекистон рейтингда 137 та ўриндан 48-ўринни эгаллади ва МДҲнинг Озарбойжон (52-ўрин), Қозоғистон (54-ўрин), Туркманистон (75-ўрин), Грузия (85-ўрин), Қирғизистон (91-ўрин), Тожикистон (94-ўрин) ва Арманистон (96-ўрин) каби давлатларини ортда қолдирди. 

Рейтингнинг илк учта ўрнини АҚШ, Россия ва Хитой эгаллади. Шунингдек, етакчи ўнталикдан Ҳиндистон, Франция, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия, Туркия ва Германия ўрин олган.    

Global Firepower маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўташга яроқли кишилар 15,9 млн нафарни ташкил қилади. Айни вақтда Ўзбекистон қуролли кучларида 50 минг киши хизмат қилади. Ҳар йили ҳарбий хизматга чақирилиши мумкин бўлганлар сафи 601 минг кишига кўпайиб бормоқда.   

Ўзбекистон ҳарбий-ҳаво кучларида умумий ҳисобда 179 та парвоз қурилмаси бор бўлиб, улардан 69 тасини қирувчи, 89 тасини ҳужумкор, 89 тасини ҳарбий-транспорт, 2 тасини ўқув-машқ самолёти ва 73 тасини вертолётлар ташкил қилади.      

Ўзбекистон қуролли кучларида умумий ҳисобда 420 та танк, 1215 та бронетранспортёр, 137 та ўзиюрар артиллерия қурилмаси ва 98 та ракета қурилмаси қўлланади.

Global Firepower рейтинги 55 та кўрсаткич инобатга олинган ҳолда тузилади. Рейтингни тузишда географик омиллар, табиий захиралар, молиявий барқарорлик ва маҳаллий саноатнинг ривожлангани ҳам аҳамиятга эга. Армияларнинг қудратлилигини баҳолашда ядро қуроли борлиги, денгизга чиқишга эга бўлмаган давлатларда флот йўқлиги ҳисобга олинмайди. 

Мавзуга оид