Ўзбекистон | 17:44 / 23.01.2020
7778
3 дақиқада ўқилади

Элликқалъа туризм марказига айлантирилади

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати

Элликқалъа тумани Бўстон шаҳрида “Элликқалъа – туризм маркази” халқаро илмий-иқтисодий, маданий-маърифий конференция бўлиб ўтмоқда. Форумнинг асосий мақсади Элликқалъа туманини янги туризм марказига айлантиришдир.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Маданият вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Элликқалъа тумани ҳокимлиги ҳамда "Hamkor Stimul Servis" инновацион лойиҳалар илмий-тадқиқот маркази шафелиги остида ўтказилмоқда.

Анжуманда Саудия Арабистони элчихонаси пресс атташеси Наиф Ал-Досарий, "Hamkor Stimul Servis" инновацион лойиҳалар илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Султонова, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маркетинг тадқиқотлари ва миллий туризм маҳсулотларини тарғиб қилиш бошқармаси бошлиғи О.Олимжонов, Ирландиянинг маркетинг бўйича мутахассиси Пенни Онэйл ҳамда Хитой компаниясининг Ўзбекистондаги вакиллари Ли Гем Чер ва Ли Роберт иштирок этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М. Жуманов Элликқалъа тумани ва умуман бутун Қорақалпоғистон бўйича режалаштирилган инвестицион лойиҳаларни қайд этиб ўтди.

Анжуман давомида иштирокчи ва меҳмонларга Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳудудида жойлашган қадимий Хоразм қалъалари ҳақида маълумотлар берилди.

Етакчи археолог Г.Хўжаниёзов томонидан ҳудуддаги тарихий ёдгорликлар, уларнинг номлари ва ўзига хос хусусиятлари, собиқ Қават қалъа воҳасига оид тақдимот намойиш этилиб, уларнинг ҳали тўлалигича ўрганилмагани таъкидланди.

Г.Хўжаниёзов қорақалпоғистонлик археологларнинг Сидней университети билан 20 йилдан зиёд ҳамкорлик қилаётганини қайд этиб, ҳар бир тарихий объектнинг муҳофаза қилинувчи зонасини белгилаб олишни таклиф қилди.   

Элликқалъа тумани ҳокими С.Авезовнинг сўзларига кўра, 2019 йилда Элликқалъа туманига ташриф буюрган хорижий сайёҳлар сони 50 мингдан ошди.  

“Элликқалъа – туризм маркази” халқаро конференцияси Вазирлар Маҳкамасининг “Қорақалпоғистон Республикасида туризмни ривожлантириш тўғрисида”ги чора-тадбирлар режаси ижроси сифатида ташкил этилган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид