Ўзбекистон | 11:00 / 25.01.2020
10739
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон расмийлари ишчи гуруҳи Томскка етиб борди

2020 йил 23 январь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ Россиянинг Томск вилоятига етиб келди, деб ёзмоқда ТИВ расмий Telegram канали.

Ишчи гуруҳ 21 январь куни Томск вилояти Асино тумани Причулим посёлкасида содир бўлган ёнғинда Ўзбекистон фуқароларининг ҳалок бўлгани билан боғлиқ вазиятни ўрганмоқда ва Ўзбекистон Президенти топшириғи билан фожиа сабабларини ўрганиш ҳамда ҳалок бўлганларнинг оилаларига ва 2 нафар жабрланган фуқарога ёрдам кўрсатиш учун ташкил этилган Ҳукумат комиссиясига ўз таклифларини тақдим этади.

Ишчи гуруҳ Томск вилоятининг тегишли ҳокимият органлари билан учрашувлар ўтказади. Музокараларда ҳамюртларимизнинг жасадларини ватанга юбориш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа масалалар муҳокама қилинади.

Шунингдек, Бош консулхона ёнғинда вафот этган 11-инсоннинг шахси аниқлангани тўғрисидаги маълумотни 24 январь куни тасдиқлади. У Ўзбекистон фуқароси М.М. экани маълум бўлди.

Аввалроқ Ўзбекистон ФВВ Россиянинг Томск вилоятидаги ётоқхонада юз берган ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар сони 11 кишига етгани ва шахсни таниш жараёнлари якунига етганидан сўнг, ҳалок бўлганларнинг жасадларини ватанга олиб келиш учун Тошкентдан Томск вилоятига махсус борт учиши ҳақида хабар қилинганди.

Мавзуга оид