Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Хавфли коронавирус кучаймоқда. Хитой ҳукумати янги тақиқлар жорий этди
Хитой ҳукумати расмийлари 2019-nCoV коронавируси одамдан одамга юқиш имкониятини тобора ошираётгани ва шу туфайли бу вирусдан зарарланганлар сони янада кўпайиши ҳақида маълум қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, вирусни юқтириб олганлар сони 2 минг нафардан ошган, 56 киши вафот этган.
Хитой Халқ Республикаси соғлиқни сақлаш миллий комиссияси раҳбари Ма Цзяовей Пекинда ўтказилган матбуот анжуманида коронавируснинг табиати ҳақида жуда кам нарса маълумлиги ва унинг мутацияси қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини олдиндан тахмин қилиш қийинлигини айтиб ўтди.
У вируснинг инкубация даври бир кундан 14 кунгача бўлган даврни ташкил этиши, аммо вирусни юқтирган одам бошқасига қисқа муддатда осонлик билан юқтириши, бундай ҳолат 2002-2003 йилларда тарқалган Sars эпидемияси вақтида (атипик зотилжам) кузатилмаганини қўшимча қилган.
Бу шуни англатадики, вируснинг ҳеч қандай белгилари бўлмаган шахс ҳам вирус ташувчи бўлиши мумкин, бундай ҳолатда эса вирус тарқалишига қарши курашиш янада қийинлашади.
Шанба куни Хитойда ой тақвими бўйича янги йил кириб келди ва олдиндаги ҳафта давомида миллионлаб кишилар байрамни оила аъзолари билан ўтказиш учун мамлакат бўйлаб кезиб юришади.
Америкаликлар Ухандан олиб чиқилади
Айни вақтда Хитойнинг бир қанча ҳудудларида одамлар ҳаракатига чеклов ўрнатилган.
Вирус ўчоғи сифатида 11 миллион киши яшайдиган Ухань шаҳридаги ёввойи ҳайвонлар бозори белгилаб олинган; бу Хитой марказида жойлашган Хубэй провинциясининг маъмурий марказидир. Бир неча кун муқаддам шаҳар карантин ҳолатига ўтказилган, жамоат транспорти қатнови бекор қилинганди. Якшанба кунидан Ухань марказида оддий транспорт воситалари ҳаракати ҳам тўхтатилди.
Хитой ҳукумати бутун мамлакат бўйлаб дўконларда, бозорларда ва ресторанларда ёввойи ҳайвонлар сотувини тақиқлади. Маълумки, Хитой анъанавий ошхонасида ёввойи ва экзотик жониворлардан, жумладан, турли қушлар ва судралувчи жониворлардан тайёрланадиган таомлар ўрин олган.
Хитой қишлоқ хўжалиги вазирлиги баёнотида айтилишича, якшанба кунидан жорий этилган тақиқлар мамлакатнинг барча ҳудудлари учун тааллуқлидир.
Америка Давлат департаменти Ухандаги АҚШ консулхонаси ходимлари сешанба куни эвакуация қилинишини билдирди. Консуллик ходимлари Хитойдан махсус авиарейс орқали олиб кетилади. Давлат департаменти баёнотига кўра, Сан-Францискога учадиган бу авиарейсдан айни вақтда ХХР ҳудудида бўлиб турган ва вирус юқтириш хавфи остида қолган Америка фуқаролари ҳам фойдаланиши мумкин.
Бу вақтда британ вирусологлари Хитой ҳукумати вирус кенг тарқалишининг олдини ололмай қолиши реал хавф эканидан огоҳлантирмоқда. Британияда ҳозирда сўнгги кунларда ХХРдан келган 34 киши текширилмоқда.
Ўзбекистонда вирус ҳозирча йўқ
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига асосланиб коронавируснинг дунё бўйлаб тарқалиб кетиш хавфи камлиги, жиддий хавотирга ҳожат йўқлиги билдирганди.
23 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ўтказган матбуот анжуманида республикага кириб келишнинг барча йўналишлари бўйича эпидемиологик назорат ўрнатилгани, барча чегара пунктлари керакли жиҳозлар, жумладан тепловизорлар билан таъминлангани ҳақида маълумот берилди.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Ухань шаҳрида 30дан ортиқ Ўзбекистон фуқароси бўлиши мумкинлигини маълум қилган.
25 январь куни ўтказилган Халқаро пресс-клуб сессиясида иштирок этган Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ухандаги ўзбекистонликлар ватанга олиб келиниши мумкинлигини айтган эди. Аммо кейинроқ Хитой ҳукумати ҳеч қайси давлатга фуқароларини эвакуация қилишга рухсат бермаётгани маълум қилинди.
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси Хитойдаги ёшлардан коронавирус ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатиб, вазиятни кескинлаштирмасликни сўради.
Мавзуга оид
18:37 / 21.09.2025
COVID-19 пандемияси бошланишини ёритган хитойлик журналист 4 йилга қамалди
15:47 / 06.08.2025
АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мРНК-вакциналари учун маблағни қайтариб олди
21:02 / 24.07.2025
Олимлар COVID-19 пандемияси одамларнинг миясини қаритганини аниқлади
17:18 / 05.07.2025