21:40 / 28.01.2020
0
38977

Қишки трансферларнинг сўнгги кунларидаги 7та интрига

Пёнтек, Кавани ва Жиру фаолиятини қаерда давом эттиради?

31 январь куни Европадаги лигаларнинг кўпчилигида қишки трансферлар дарчаси ёпилади. Қолган кунлар давомида яна кимлар жамоаларини ўзгартириши мумкин?

Бруну Фернандеш, «Спортинг» Л

Бруну Фернандеш. Фото AFP

Мўлжал: «Манчестер Юнайтед»

Бу трансфер эртаги ёздан буён давом этмоқда. Лиссабонликлар клуби етакчиси узоқ вақтдан буён «МЮ» билан музокаралар ўтказмоқда, август ойида «Юнайтед» мухлислари ҳатто Фернандеш «Бенфика»нинг мағлубиятли ўйинидан кейин йиғлашини Португалия билан хайрлашиш сифатида қабул қилишганди. Лекин барчаси мураккаблашиб кетди ва ҳамон Португалия чемпионати юлдузининг келажаги туман ичида қолмоқда. Погба бутун мавсумни жароҳатини даволаш билан ўтказмоқда, шундай экан, «МЮ»га Фернандеш сув ва ҳаводек зарур. Январда «Юнайтед» ушбу футболчи трансфери бўйича бир неча таклиф йўллади. A Bola нашри маълумотига кўра, сўнгги таклиф — 60,5 миллион евро миқдорида эди. Goal.com нашри хабарига кўра, «Спортинг» 80 миллион евро талаб қилмоқда, аммо «МЮ» бунча кўп тўлашга тайёр эмас. Балки, Фернандеш ёзгача Лиссабонда қолар.

Оливье Жиру, «Челси»

Мўлжал: «Интер»

Кўк-қоралар бу мавсумда британ бозори учун очиқ бўлмоқда: Алексис Санчес, Лукаку, Янг, Моузес, Эриксен... Навбатда — Жиру турибди. Контега ҳужум чизиғида Лукаку ва Мартинес учун захира варианти керак, 33 ёшли француз эса бу ролга мос тушади. Жиру бу мавсумда Англия чемпионатининг атиги беш ўйинида майдонга тушди, ёшлар билан янги жамоа қураётган Фрэнк Лэмпард эса уни қўйиб юборишга қарши эмас. «Интер» клуби спорт директори бир ҳафта муқаддам Жиру бўйича музокаралар ўтказилаётганини тасдиқлаганди, аммо у бу трансфер фақатгина клубдаги форвардлардан бирини сотиш эвазига рўй беришини айтиб ўтганди. Бугун Политано «Наполи»га йўл олди ва Жиру учун йўл очилди.

Эдинсон Кавани, «ПСЖ»

Эдинсон Кавани. Фото AFP

Мўлжал: «Атлетико», «Челси», «Манчестер Юнайтед»

Парижеда бу мавсумда «фантастик тўртлик» пайдо бўлган — Мбаппе, Неймар, Ди Мария ва Икарди. Назарий жиҳатдан клубнинг ҳужум чизиғи квинтетга айланиши керак эди, аммо Каванига майдонда жой топилмади ва уругвайлик футболчи — Париж аравасидаги бешинчи ғилдирак бўлиб чиқди. Гарчи Кавани 32 ёшда бўлса-да, қиш бўйи «ПСЖ»нинг бу ҳужумчиси учун «совчилар»нинг оёғи аримади. Аввалига «Челси» фаворит сифатида кўрилганди, аммо кўклар футболчини ижарага олмоқчи бўлди. Қайсидир вақтда бу ҳужумчи атрофидаги вазиятни «МЮ» ва «Арсенал» ҳам кузатди, аммо якунда «Атлетико» футболчи учун пойгада олдинга чиқиб олди. AS нашрининг ёзишича, барчаси ҳал бўлган: томонлар ўртасида 2,5 йиллик шартнома тузилади. Мората, Жоау Феликс ва Диегу Коста уч киши бўлиб чемпионатнинг биринчи мавсумида жами 11 гол уришди, шундай экан, мадридликларга Каванининг ёрдами жуда зарур.

Кшиштоф Пёнтек, «Милан»

Мўлжал: «Тоттенҳэм», «Челси»

Яна бир форварднинг номи янгиликларда «Челси» билан бирга кетмоқда. Ўтган мавсумнинг биринчи даврасида «Женоа»да порлаган 24 ёшли поляк «Милан»га келгач темпни пасайтирди, янги мавсумда эса умуман аввалги ўйинини топа олмай қолди, қишки танаффусда жамоага Златан Ибраҳимович олиб келинди, натижада А Сериянинг сўнгги ўйинида Кшиштоф захира ўриндиғига михланди. Шу кунларда La Gazzetta dello Sport нашри польшалик футболчининг агенти клубдан мижозини Англияга қўйиб юборишни сўрагани ҳақида хабар тарқатди, ахир унга Европа чемпионати арафасида терма жамоа таркибига кириш учун ўйин амалиёти зарур. «Милан» Пёнтек учун 30 миллион евро сўрамоқда, «Челси» ҳам, «Тоттенҳэм» ҳам бундай миқдордаги пулни тўлай олади, аммо Лондон клублари футболчини ижарага олишга қизиқмоқда. Кўринишидан, «россонери»ни бундай вариант қониқтирмайди.

Родриго Морено, «Валенсия»

Родриго Морено. Фото AFP

Мўлжал: «Барселона»

Январда «Барселона» жароҳат туфайли Суаресдан айрилди — уругвайлик ҳужумчи май ойига қадар майдонга туша олмайди, шундай экан каталонларга ҳужумчи керак. Аввалига жамоа «Арсенал»дан Обамеянгни ёки «Лейпциг»дан Вернерни ижарага олмоқчи бўлди, аммо икки вариант ҳам имконсиз бўлиб чиқди — клублар ўзларининг энг яхши ҳужумчиларини мавсум ўртасида қўйиб юбормасди. Эндиликда ҳақиқатга яқин вариант пайдо бўлган — «Валенсия» ҳужумчиси Родриго Каталонияга келиши мумкин. Келиб чиқишига кўра бразилиялик бўлган бу футболчи Испания терма жамоасига номзод ҳисобланади. Каталониядаги Sport газетаси ёзишича, Родриго билан барчаси оғзаки ҳал қилиб бўлинган, аммо «Валенсия» ҳали рози бўлгани йўқ. Бу вазиятда «Барселона»га ёрдам учун суперагент Жорже Мендеш ошиққан, шундай экан, трансфер яқин.

Эмре Жан, «Ювентус»

Мўлжал: «Боруссия» Д, «Манчестер Юнайтед»

Маурицио Саррига Эмре Жан керак эмас. Келиб чиқишига кўра турк бўлган германиялик футболчи бу мавсумда захира ўриндиғига михланган ва А Сериянинг фақат икки ўйинида бошланғич таркибда ўйнади. Лекин Жан ҳали ёш — у эндигина 26 ёшда. Шу туфайли ушбу марказий ҳавбек учун талаб юқори — «ПСЖ», «Эвертон» ва «МЮ» клублари ҳам уни сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқмоқда, аммо энг яхши имконият Дортмунднинг «Боруссия» клубида. Италиядаги хабарларга кўра, томонлар музокараларнинг якуний босқичида турибди, трансфер қиймати 23 миллион еврони ташкил этади.

Пабло Мари, «Фламенго»

Пабло Мари. Фото AFP

Мўлжал: «Арсенал»

«Арсенал» бу қишда ҳали ҳеч кимни сотиб олмади, Микель Артета аввалги мураббий йиққан таркиб футболчилари билан шуғулланишга мажбур бўлмоқда. Январда Лондонга «ПСЖ»дан Кюрзава келиши ҳақида хабарлар тарқалганди, аммо у ҳозир «Ювентус»га ўтиши ҳақиқатга яқин. Лекин «Фламенго»дан Пабло Мари келиши имконияти сақланиб қолган. Артета ушбу 26 ёшли испан билан яхши таниш, чунки улар 2016 йилда «Манчестер Сити»да ҳамкорлик қилишган, аммо кейинроқ ҳимоячи бразиллар клубига сотилган. Мари — марказий ҳимоячи, яқиндагина «Челси»га қарши дерби ўйини кўрсатдики, «Арсенал» бу позициясини мустаҳкамлаши керак. Декабрь ойида клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Мари ўзини яхши томондан намойиш қилган ва у Европа яшил майдонларида тўп суришга ҳақлидир.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top