Спорт | 18:50 / 29.01.2020
6530
2 дақиқада ўқилади

«Тоттенҳэм» Эриксен ўрнини ПСВ етакчиси билан тўлдирди

«Тоттенҳэм» ПСВ яримҳимоячиси Стевен Бергвейнни трансфер қилганини эълон қилди.

22 ёшли нидерландиялик футболчи билан 2025 йилга қадар шартнома тузилган. У янги клубида 23 рақамли футболкада тўп суради.

«Тоттенҳэм»дек ажойиб жамоага ўтганимдан жуда хурсандман. Англия Премьер-лигасида тўп суриш ҳар бир футболчининг орзуси саналади. Бу ердаги муҳит, мухлисларга тўла стадионлар ҳар қандай футболчига қўшимча иштиёқ беради.

ПСВ клубига 13 ёшимда келганман. Ҳар куни саҳарлаб олтида уйғониб, машғулотга қатнар, сўнг мактабга борардим. Машқларда бўлган пайтим отам машинасида ухлаб қоларди. Шу даражага етиб келганим учун яқинларимдан доим миннатдорман. Уларнинг ёрдамисиз ҳозирда «Тоттенҳэм»да бўлмасдим. 

Болалагимдан Моуриньонинг фаолиятини кузатардим, энди эса унинг қўл остида тўп сураман. Бу клубга ўтишим орзуимнинг ушалишидир. Ҳар доим ўзимга ишонганман. Клубга ёрдам бериш ва ғалабаларга ўз ҳиссамни қўшиш учун бор куч ва имкониятимни ишга соламан», - дейди Бергвейн клуб сайтига берган интервьюсида.

«Тоттенҳэм» ушбу футболчини бироз аввалроқ «Интер»га йўл олган Кристиан Эриксенга муносиб ўринбосар сифатида кўришмоқда. 

Бундан аввалроқ, «шпорлар» ушбу футболчи трансфери учун 32 миллион евро (бонуслар билан бирга) тўлаши ҳақида хабарлар берилганди.

Эредивизиянинг жорий мавсумида Бергвейн ПСВ сафида 16 ўйинда майдонга тушиб, 5 гол урган ва 10 голга узатма берган.

Мавзуга оид