УЕФА Суперкубоги
«ПСЖ» – «Тоттенҳэм» 2:2 (пен: 4:3 )
Голлар: Ин 85, Рамуш 90+4 – Ван де Вен 39, Ромеро 48
«ПСЖ» – Шевале, Ҳакими, Маркиниос, Пачо, Мендеш, Заир-Эмери (Ли Кан Ин, 68), Витиня, Дуэ (Рамуш, 77), Барколя, Дембеле, Хвича (Руис, 60)
«Тоттенҳэм» – Викарио, Порро, Ромеро, Дансо, ван де Вен, Палиния, Бентакур, Сарр, Қудус (Тел, 79), Ришарлисон (Соланке, 72), Спенс.
Огоҳлантиришлар: Барколя 55, Пачо 58, Дембеле 90 – Ришарлисон 53, Дансо 62.

«Тоттенҳэм» ва «ПСЖ» бунга қадар ҳеч қачон Суперкубокни қўлга киритмаганди. Ўйиндан олдин кўпчилик парижликларни яққол фаворит сифатида кўраётганди, лекин амалда ўйин кутилмаган сценарийда кечди. «ПСЖ» клублар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан кейин Лондоннинг яна бир жамоасига қарши титул учун яна бир оғир учрашув ўтказди, аммо якунда барибир кубокни ўзиники қилди.

Икки жамоа ҳам бошланғич таркиби билан ажаблантирди. «ПСЖ» ҳужум чизиғида Хвича, Дембеле ва Дуэдан ташқари Барколяга ҳам жой топилди. Мураббий уни ҳужумнинг чап қанотига ташлади, гуржистонлик вингер ўнг қанотдан жой олди, Дуэ эса ҳужумкор яримҳимоячига айланди. Ўз навбатида, «Тоттенҳэм» сўнгги вақтларда ҳужумдаги қатор вакилларини йўқотганди: Сон кетди, Кулушевски, Мэддисон ва Соланке эса жароҳатланган. Улардан сўнггиси фақат ўйин охирига бориб майдонга тушди. Натижада лондонликлар беш ҳимоячи билан ўйнашга қарор қилишди, олдинда фақат Ришарлисон ҳамда Қуддус қолдирилди.

Айтиш мумкинки, «Тоттенҳэм»нинг бошланғич режаси иш берди. Биринчи бўлимда «ПСЖ»да бирорта чинакамига хавфли вазият юзага келмади. Инглизлар тўпга эгалик қилишда икки баробар ортда қолишди, аммо дарвозага зарба бериш бўйича биринчи бўлимда яққол устунлик қилишди – 9:4. Умуман, биринчи бўлимда икки томонда ҳам яққол голли вазиятлар кам бўлди, энг яхши имконият «Тоттенҳэм»да юзага келди ва Франк шогирдлари бундан фойдаланди.

39-дақиқада «Тоттенҳэм» дарвозабони Викарио ижро этган жарима зарбасидан кейин «ПСЖ» дарвозаси қаршисида палапартишлик юзага келди. Аввалига Палиня бир неча метр масофадан зарба йўллади, аммо Шевале тўпни тўсин томон йўналтирилди. Аммо тўп барибир майдонга қайтди ва унга биринчи бўлиб Микки ван де Вен етиб келди, у амалда бўш дарвозани ишғол қилди.

Кутилмаларга терс ўлароқ, «Тоттенҳэм» танаффусга ҳисобда олдинда борган ҳолда йўл олди. Иккинчи бўлим бошида эса яна лондонликлар гол уришди. Ромеронинг бошда йўллаган оддий зарбаси голга айланди. Айтиш мумкинки, Шевале хатога йўл қўйди – газонга сапчиб келган тўпга улгурди, аммо уни тўса олмади – 2:0. «Тоттенҳэм» шундан кейин ҳисобга қараб ўйнади ва ўрни келганда вақт чўзишдан уялмади – ҳатто Ришарлисон бундай ҳаракат учун огоҳлантирилди. Бразилиялик ҳужумчи бу ўйинда иккинчи қаватда тўп учун курашда аъло даражада ҳаракат қилди, аммо қолган барча ишларни ёмон бажарди.