Жамият | 20:35 / 30.01.2020
15149
2 дақиқада ўқилади

«Одамларнинг бизга муносабати ўзгаряпти» – «Покиза инсонлар» акцияси Юнусободда

Қишнинг совуқ қировли кунларида Тошкент шаҳри бўйлаб ҳар пайшанба «Покиза инсонлар» акцияси ўтказиб келинмоқда. Акция тонг саҳардан кун ботгунча шаҳар озодалигини таъминлаётган ободонлаштириш ходимларига миннатдорчилик сифатида ташкил этилади. Акция бу сафар Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ўтказилди.

Юнусобод тумани ободонлаштириш бўлими раҳбарлари акция иштирокчилари билан бирга ишчилар ишлаб турган манзилларга бориб, акцияга ҳисса қўшишди.

«Олдинлари бизни қамоқхонадан чиққан деб ўйлашарди»

Юнусобод тумани ободонлаштириш ходимларини суҳбатга тортганимизда улар иш жараёнида, кўча-кўйда бўлиб турадиган турли муносабатлар ҳақида гапириб беришди.

«Акция иштирокчиларига катта раҳмат. Бизга катта ҳурмат кўрсатишяпти.

Юртдошларимизнинг бизга нисбатан муносабати ўзгаряпти, лекин яхшилар қаторида баъзида менсимасдан муомала қиладиганлари ҳам бор.

Ишлаб турган пайтимизда биров раҳмат айтса, кимдир сув сепишимизни писанда қилиб лаънат айтиб кетади.

Жамоат транспортларида, кўпинча автобусда юрганимизда, ободонлаштириш ходимлари эканимизни айтиб, имконимиз даражасида минг сўм узатадиган бўлсак, кўнмайди.

Бозор ва бошқа жамоат жойларида иш кийимида борсак, ирганч ҳолатда қарайди, агар кўча кийимида борсак – бошқача... Ҳурмат қилиши мумкин», – дейди бир гуруҳ ободонлаштириш ходимлари.

Шунингдек, улар ўз ишларидан хурсандлигини ҳам билдириб ўтишди.

«8 йилдан бери шу ерда ишлайман. Бизга яхши иш шароитларини яратиб бераётган раҳбарларимизга катта раҳмат. Дам олиш ва тушлик қилиш учун шароитларга эга махсус вагон ўрнатиб беришди. Вагон икки хонага ажратилган, бир хонаси аёлларга, бири эса эркаклар учун», – дейди ободонлаштириш ходимларидан бири.

Эслатиб ўтамиз, «Покиза инсонлар» акцияси ўтган ҳафта Олмазор туманида, ундан олдин Яшнобод туманида ўтказилган эди.

Мавзуга оид