Жаҳон | 16:41 / 05.02.2020
43372
9 дақиқада ўқилади

Бу ишни ким қилганди? Афғонистондаги авиаҳалокат жумбоқ бўлиб қолмоқда

27 январь куни Афғонистоннинг Ғазни вилояти ҳудудида самолёт ҳалокатга учради. Дастлабки хабарларда бу Афғонистон давлат авиакомпаниясининг Ҳиротдан Деҳлига учган йўловчи самолёти экани, унинг бортида 100 нафардан ортиқ йўловчи бўлгани айтилди.

Фото: AP Photo/lSaifullah Maftoon

Кўп ўтмай бу АҚШ ҳарбийларига тегишли Bombardier E-11A русумли ҳарбий самолёт экани маълум бўлди. «Толибон» америкалик ҳарбийларнинг самолётини разведка ишларини амалга ошираётган вақтда уриб туширганини тантанали тарзда эълон қилди.

Воқеалар жиддий тус олгач АҚШ расмий маълумот берди: «Афғонистонда Bombardier E-11A самолёти ҳалокатга учради, аммо самолёт душман томонидан уриб туширилгани ҳақида факт йўқ».

Америкаликлар «Толибон»да бундай баландликда учадиган самолётни уриб туширадиган қурол йўқлигини таъкидлашди. Самолёт двигателдаги носозлик сабаб ҳалокатга учрагани айтилди.

Reuters’нинг Ғазни полициясига таяниб хабар беришича, ҳалокатга учраган (ёки уриб туширилган) самолёт бортида 6 киши бўлган, 4 киши ҳалок бўлган ва 2 киши асир тушган (!).

Бу самолёт ҳалокати ҳақида энг шов-шувли хабар Эроннинг Mehr ахборот агентлигида эълон қилинди. Нашр рус разведкасидаги манбасига асосланиб хабар беришича, ҳалокатга учраган Bombardier ичида АҚШ марказий разведка бюросининг катта мансабдори, ташкилотнинг Яқин Шарқ бўйича раҳбари Майкл Д’Андреа ҳам бўлган.

Эрон телеканалида бу хабар қуйидаги тарзда эълон қилинди: «Афғонистонда ҳалокатга учраган самолётда МРБ офицери Майкл Д’Андреа ҳам бўлган. Лақаби «оятуллоҳ Майк» бўлган бу инсон шаҳид бўлган генерал Қосим Сулаймонийни душман томонидан ўлдириш операциясига бошчилик қилган».

Бу хабар воқеалар ривожини бутунлай бошқа томонга ўзгартириб юборди. АҚШ ва Эрон ўртасида уруш келтириб чиқаришига бир бахя қолган суиқасдни ташкиллаштирган одам ҳалок бўлгани айтилгач ҳаммада бир савол туғилди: бу ишни ким қилди?

Бин Лодинни топган, Сулаймонийни ўлдирган, исломни қабул қилган. Майкл ДАндреа ким ўзи?

Сўнгги ҳафталарда ҳамманинг тилига тушган Майкл Д’Андреа ким экани ҳақида гаплашсак. Қачон туғилгани ҳам номаълум бўлган бу инсон прототипи Ҳолливуд ижодкорлари томонидан суратга олинган «Биринчи рақамли нишон» фильмида гавдаланган. «Ал Қоида» етакчиси Усама бин Лодинни қўлга олиш операцияси ҳақида ишланган бу фильмда Д’Андреанинг фаолияти қисқача очиб берилган. Виржинияда туғилган Майкл 1979 йил айнан мана шу шаҳарда жойлашган МРБга (фильмларда эшитганингиз ўша машҳур «ЦРУ») ишга киради. Масофадан туриб бошқариладиган учувчи воситалар билан ўтказиладиган операциялар бўйича мутахассис бўлиб етишган Майк табиийки бундай ишлардаги кўникмаси қўл келадиган Яқин Шарқда АҚШ учун ўта муҳим шахсга айланади.

Хорижий миссиясини Танзанияда бошлайди, кейинчалик Қоҳира ва Ироқдаги АҚШ ҳарбийлари сафига қўшилади. Африкадалигида Фотима исмли маврикийлик қизни севиб қолиб унга уйланади. Бу учун ислом динини ҳам қабул қилгани айтилади. Аммо ҳеч кимнинг кўнглидагини билишга даъво қилмаган ҳолда унинг кейинги манзили Яқин Шарқ бўлгани сабаб бу шунчаки тактик қарор бўлган бўлиши ҳам мумкин. Худди Ҳолливуд фильмларидаги каби.

Хизматда вақти «омадсиз» деб лақаб орттирган Майкл Д’Андреа 2001 йил чиндан омадсизликка учрайди. Кейинчалик 11 сентябрь терактини амалга оширишда иштирок этган Навоф ал Хазмининг изини йўқотган МРБ гуруҳи ичида айнан у ҳам бўлганди. Аммо кейинчалик Майкл бу айбини иккита «шедеверал операция» билан ювади. 2011 йил у Усама бин Лодинни топиш операциясига бошчилик қилиб, буни муваффақиятли уддалайди ҳамда АҚШ ўша вақтда дунёдаги биринчи рақамли террорчи деб эълон қилган «Ал Қоида» етакчиси жисмонан йўқ қилинади.

2020 йилнинг илк кунларида ўтказилган, тарихдаги энг шов-шувли қотилликлардан бирига айланган Қосим Сулаймонийни ўлдириш операциясига ҳам айнан Майкл Д’Андреа раҳбарлик қилгани айтилмоқда. Бу икки операциянинг даражаси Майкл Д’Андреа АҚШ учун қанчалик муҳим шахс бўлганини кўрсатмоқда. Шу ўринда савол туғилади: агар Майкл Д’Андреа Афғонистонда ҳалокатга учраган (ёки уриб туширилган) самолёт ичида бўлса, бу ишни ким амалга оширган? Агар бу суиқасд бўлса, АҚШ нега жим?

Бир нарсага эътибор бериш керак: самолётда Майкл Д’Андреа борлиги ҳақида хабар рус разведкачилари томонидан Эрон нашрлари орқали бутун дунёга сиздирилди. Жуда таниш йўналишдаги бундай ахборот тарқалиши дастлабки хулосалар қилишга имкон беради. Мантиқан олиб қараганда, бу ишдан асосий фойдани Эрон кўради. Чунки миллат қаҳрамонига айланган Қосим Сулаймоний ўлимида масъул шахснинг эҳтимолий ўлими Эронда салкам байрамдек қабул қилинди.

Аммо АҚШнинг Ироқдаги базаларига ракета зарбалари берганининг ҳар бир лаҳзасини телевизорда қайта-қайта намойиш этган Эрон Майкл Д’Андреани йўқ қилса, жим турмаган, аксинча «Сулаймонийнинг қотили йўқ қилингани»ни миллат байрами сифатида нишонларди. Қасос ўтида ёнаётган Эрон бундай улкан операцияни амалга оширса, уни нишонламай туролмаган бўларди. Ахир қасос яширин тарзда олинмайди, у ҳаммага эълон қилиниши билан қасосдир...

Бу ишни ўзи қилганини фахр билан айтаётган «Толибон» нега МРБнинг минтақадаги раҳбарини ўлдиргани тушунарсиз ва бу катта эҳтимол билан ҳақиқатдан узоқ.

Шу ўринда яна бир факт барчасини чалкаштириб юборади: воқеа жойида икки киши омон қолгани айтилди, самолёт қулаган жойга биринчи бўлиб «Толибон» етиб боргани ҳам аниқ. Шундай экан, Майкл Д’Андреа асир тушганини истисно қилиб бўлмайди. Ҳар ҳолда у самолётнинг энг хавфсиз жойида ўтирган бўлиши табиий ва агар кимдир омон қолган бўлса, бу айнан Майкл Д’Андреа экани ҳақиқатга яқин.

Ҳарбий экспертларнинг фикрича, АҚШ учун самолётнинг уриб туширилгани ўзи қулаганидан яхшироқ, чунки ҳарбий соҳада тенгсизлигини иддао қиладиган америкаликлар томонидан самолётнинг техник носозлик сабаб қулаши шармандалик деб қабул қилинади. 10 йил аввал АҚШ ҳарбий ҳаво кучларини ривожлантириш учун ақл бовар қилмас миқдорда катта пул ажратганди. Масалан, Bombardier E-11A самолёти 300 км радиусда душманга сездирмай операция ўтказаётган гуруҳ ва штаб ўртасида алоқани таъминлай олади. Бу оддий самолёт эмас, бутун бошли ҳаводаги қўмондонлик штаби! Мана шундай самолёт оддий техник носозлик сабаб қулаши АҚШ ҳарбий техникасининг идеаллигига шубҳа уйғотиши мумкин. АҚШ эса қурол-яроғ савдосидан қандай даражада катта пул ишлашини тасаввур қилиш ҳам қийин.

Қандаҳордаги АҚШ базасида бундай турдаги смарт-самолётлардан 4таси мавжуд ва улар асосан ҳарбий алоқа ишларини амалга оширади. Бу самолёт қулагач унинг олдига биринчи бўлиб етиб борган «Толибон»да АҚШ ишлаб чиққан охирги авлод алоқа воситасининг сирини билиш имкони ҳам пайдо бўлган. Шу боис, бу қулаш АҚШга яна бир жиҳатдан қимматга тушади. Эндиликда америкалик ҳарбийлар Bombardier E-11A’да қўлланган алоқа воситаларидан фойдаланишни хавфсиз деб ҳисоблай олмайди. «Толибон» бу сирни бошқалар билан бўлишмаслигига ким кафолат беради?

Яна иккита учоқ қулади

Бу ҳалокатдан кўп вақт ўтмай АҚШ ҳарбий ҳаво кучларига тегишли яна иккита самолёт ҳалокатга учради. Аввал Афғонистоннинг бошқа вилояти Пактияда америкаликларнинг ҳарбий вертолёти қулаб тушди, қизиғи «Толибон» бу вертолётни ҳам уриб туширганини эълон қилди. Кўп ўтмай Ироқда АҚШ ҳарбийлари бўлган С27J самолёти қулаши оқибатида 4 киши ҳалок бўлди. Бу самолёт АҚШ махсус операцияларни амалга ошириш гуруҳига тегишли бўлган.

Бирданига АҚШ ҳарбийларига тегишли учта учар қурилманинг қулаши тасодиф бўлиши мумкинми? Бунинг устига бу Эрон қаҳрамони Қосим Сулаймоний ўлдирилиши ортидан рўй берса? Қийин масала.

Россиялик ҳарбий эксперт Андрей Грозин бу ҳақида шундай дейди: «Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси учун Афғонистон кафтдек кўринадиган ҳудуд ва улар АҚШнинг бу минтақадаги барча базаларини бемалол эшита олишади. Биринчидан, бу базаларда ОАВга маълумот сиздирадиган одамлар жуда кўп, иккинчидан Эрон космик держава. Эрон сунъий йўлдошларини осмонга пингвинлар миграциясини кузатиш учун учириб қўйган деб ўйлайсизми?».

3 йил аввал Қосим Сулаймоний билан Афғонистон борасида суҳбат қурган Андрей Грозин Афғонистондаги воқеалар Эроннинг қасоси бўлиши мумкинлигини истисно қилмаган. Хўш, унақада асосий савол жавобсиз қолмоқда: нега АҚШ жим?

Ўткир Жалолхонов

Мавзуга оид