Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қамаши ҳокимлиги тадбиркор аёлнинг мулкини тортиб олмоқчими?
Қамаши тумани ҳокимлиги ҳаракатлари сабабли тадбиркор аёл ўз иш фаолиятини йўлга қўя олмай сарсон бўлмоқда. Ўз ҳуқуқларини талаб қилгани учун туман ҳокими унинг ерини тортиб олиш билан таҳдид қилган.
Аввалроқ Kun.uz сайтида Қамаши туманида фаолият юритадиган «Али-Муҳаммад-Бек Инвест» МЧЖ раҳбарининг розилигисиз, унга тегишли ер майдонидан ўнга яқин газ қувурлари тортилгани, бунинг оқибатида тадбиркорга қарашли ер майдонининг яхлитлигига путур етиб, мулк ҳуқуқлари поймол этилаётгани, газ қувурлари эса тегишли ташкилотларнинг турли ёлғон баҳоналари билан бошқа жойга кўчирилмай қолаётгани ҳақида мақола эълон қилинган эди.
Материални тайёрлаш давомида Қамаши туман ҳокимлигида вазият юзасидан тегишли масъулларнинг изоҳлари олинган бўлса-да, туман ҳокимлиги бу масалага мутлақо «ўзгача ракурс»дан қаралган муносабатини эълон қилди.
Унда бир гуруҳ тадбиркорлар «Қамаши тумани иқтисодиётининг юксалиши таянчидир» деб кўкка кўтарилади. Албатта, бу масалада туман ҳокимлигини тушуниш мумкин, ҳар бир ҳокимлик туманда кўпроқ тадбиркор бўлиши ва улар ёрдамида туманнинг иқтисодий салоҳияти яхшиланиши, аҳоли кўпроқ иш билан таъминланишини истайди.
Аммо бу ҳокимликка тадбиркорларга нисбатан уларнинг имкониятлари ва молиявий салоҳиятидан келиб чиқиб айрича муносабатда бўлиш, туманга камроқ фойда келтираётгани учун тадбиркорнинг мулкини тортиб олиш, ҳуқуқларини поймол этиш ва ўзи истагандек қарорлар қабул қилиш ҳуқуқини бермайди.
Қамаши туман ҳокимлиги ўз муносабатида иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлган тадбиркорларга ён бериб, заиф тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқларини бузаётганини очиқчасига тан олмоқда.

Муносабатда ҳокимлик «Али-Муҳаммад-Бек Инвест» МЧЖга тегишли бинони «абгор ҳолатдаги иморат» деб атаган. Тўғри, муносабатда номлари келтирилган бошқа тадбиркорларнинг мол-мулклари олдида Назаровага тегишли мулк оддий бўлиши мумкин, аммо «абгор» эмас. Ўша мулк абгор бўлган тақдирда ҳам, у дахлсиз ҳисобланади. Қамаши туман ҳокимлиги эса тадбиркор Бибихалима Назарованинг мулкига тадбиркорнинг рухсатисиз дахл қилгани етмагандай, бугун унинг ўзини айбдор қилишга уринмоқда.
Мақолада тадбиркор Назарова келажакда бу ерда қўшимча бинолар қуриш ва биноларга иссиқлик тизимини ўрнатишни режалаштиргани, аммо ерда ўнга яқин газ қувурлари тортилгани бу ишларни бошлашга тўсиқ бўлаётганини айтган эди. У мулкини 2018 йилда олгани туман ҳокимлиги муносабатида ҳам тасдиқланган.

2019 йилнинг бошида унинг еридан ноқонуний равишда газ қувурларини тортиш ишлари бошланган. Тадбиркор эса асл мақсадлари бир четда қолиб, бор кучи ва имкониятини ноқонуний газ қувурларига қарши курашга сарфлашга мажбур бўлмоқда.
Тадбиркор Назарованинг айтишича, Қамаши тумани ҳокимлиги уни ватанга манфаат келтирмаётганликда айблаган.
«Аёл бошим билан жуда кўп қийинчиликларни енгишимга тўғри келмоқда. Хўш, туман ҳокимлиги менга нима ёрдам берди? Бино кўримсиз экан, ҳокимлик унга замонавий бино қуриш учун кам фоизли кредит маблағлари олишимда ёрдам бериб, мени ҳар томонлама қўллаб-қувватласа бўлардику? Ақалли бирор марта мени чақириб, қани, фаолиятингни ривожлантириш учун ҳокимлик томонидан сенга нима ёрдам керак деб сўрадими?», дейди тадбиркор.
Ҳокимлик ҳам Назарованинг еридан ўтказилган газ қувурлари 4х100 метр, жами 4 сотих ерни эгаллаганини тасдиқлайди. Афтидан, Қамаши тумани ҳокимлиги «3 гектар ердан 4 сотих ерни тадбиркорга мутлақо манфаат келтирмайдиган газ қувурлари банд қилса нима бўпти?», қабилида ўйламоқда. Муаммо 4 сотих ерда эмас. Чунки техник қоидаларга кўра, газ қувурлари ўтказилган жойга туташ бўлган маълум масофа ҳимоя ҳудуди ҳисобланиб, у ерда жиддий қурилишлар қилиб бўлмайди. Масаланинг бу жиҳати ҳокимлик учун аҳамиятсиздек, гўё.
Ҳокимлик муносабатида мақолада бу ҳақида айтилмаган бўлса-да, «туман масъулларининг аралашуви билан ҳатто шу ердан ўз тадбиркорлик корхоналарига қувур олиб ўтган тадбиркорлар Бибихалима Назаровага унинг еридан ўтган қувурлар устидан эни 4 метр, узунлиги 100 метр бўлган темир кўприк қуриб беришни таклиф қилганида ҳам у томонидан рад жавобини олгани» айтилади.
Ваҳоланки, «Ўзтрансгаз» АЖ Қашқадарё вилоят ҳудудий газ таъминоти филиали ходими Лазиз Холиқов берган маълумотга кўра, тадбиркор Назарованинг еридан ўтган газ қувурларининг икки ёнида 12 метрдан, жами 24 метр ҳимоя зонаси бўлиши лозим. Демак, тадбиркор Назарованинг 4 сотих эмас, жами 28х100=28 сотих ери яроқсизга чиқади.
Бундан ташқари, тадбиркорнинг ери 100х300 метр ўлчамда ва газ қувурлар унинг 175-180 метр оралиғидан ўтказилган. Агар қувурлар устидан темир кўприк ўрнатилса, тадбиркорнинг ери икки қисмга бўлиниб қолади. Унинг икки ёнидаги ер бошқаларга тегишли ва у трактор, комбайн каби техникалардан ўзи истагандек фойдалана олмай қолади.
Қолаверса, Қамаши тумани ҳокимлиги тадбиркорнинг мулк ҳуқуқини бузгани етмагандай, жавоб хатида «Тадбиркор тумани ҳокимлиги масъуллари томонидан таклиф қилинаётган ҳар қандай имтиёзли келишувни ҳам рад этаётгани»ни таъкидлайди. Аммо, тадбиркорга унинг еридан ўтган 4х100 метр ерни банд қилган қувурлар устидан темир кўприк қуриб бериш ҳақидаги мантиқсиз ва тадбиркорнинг зарарига ишлайдиган таклифни айтмаса, бошқа ҳеч қандай имтиёзли келишувлар таклиф этилмаган. Бу ҳақида муносабатда ҳам лом-мим дейилмаган.
Ҳокимлик шунингдек, «Муҳри бор, лекин фаолияти номаълум МЧЖ» деб тадбиркор Назарованинг фаолиятини шубҳа остига олади. Бироқ, тадбиркор Назарова ушбу мулкни 2018 йилда сотиб олган. 2019 йилда жиддийроқ иш бошламоқчи бўлиб турганида унинг ерини пайҳон қилиб газ қувурлари тортишади. Шундан сўнг у вақтини ўз еридан ноқонуний газ қувурларини тортганлар билан курашиб ўтказмоқда.
Ҳокимлик ўз муносабатида Kun.uz мухбирини «иккинчи томонни эшитмаслик»да айблаган. Аслида сайт мухбирлари ҳокимлик биносида бўлиб, на ҳокимнинг ўзини ва на унинг бирор ўринбосарини топа олган. Ҳокимлик ахборот хизмати ходими мухбирларга «Қамашитумангаз» филиали раҳбарини рўбару қила олган, холос.
Ҳокимлик тадбиркорни 2018-2019 йилларда 3 гектар лалми ер учун солиқ тўламаганликда айбламоқда. Аммо, Қамаши туман солиқ инспекцияси берган маълумотда тадбиркор эгалик қилаётган ер-мулк солиғи ўз вақтида тўлаб борилаётгани акс этган. Бундан ташқари, Қамаши туман солиқ инспекцияси ходими Хонимов Холмаҳмад тадбиркор Назаровага тегишли «Али-Муҳаммад-Бек Инвест» МЧЖнинг солиқ идорасидан қарзи йўқлиги, 2018-2019 йилларда ҳисобланган солиқлар ўша йилларда тўланганини Kun.uz’га тасдиқлади.
Ҳокимлик муносабатида «Али-Муҳаммад-Бек Инвест» МЧЖга қарашли бино иншоотлари ва ер майдони Муборак магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли Яккабоғ-Шаҳрисабз магистрал газ қувурининг ҳимоя зонасида экани ёзилади. Муборак МГҚБдан олинган маълумотномада эса тадбиркор Назарованинг биноси 325х8 миллиметрли магистрал газ қувурининг ҳимоя зонасида эмаслиги кўрсатилган.
Муборак МГҚБ бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи И.К.Ҳайдаров Қамаши туман ҳокимлиги назарда тутган Яккабоғ-Шаҳрисабз магистрал газ қувурининг Қамаши туман ҳудудидан ўтган қисми «Ғузор-Қамаши магистрал газ қувури» деб номланиши ва тадбиркор Назаровага тегишли ер ҳамда бино ушбу магистрал газ қувури ҳимоя майдонига кирмаслигини тасдиқлади.
Қамаши туман ҳокимлиги ўз муносабатини «Зеро, қонун устуворлиги эртанги порлоқ келажагимизнинг ишончли кафолатидир», деган сўзлар билан якунлаган. Наҳотки, бир тадбиркорнинг мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини топташ ва қонунларни оёқости қилиш мана шундай баландпарвоз гаплар билан ёпиб юборилса...
Ушбу мақола ёзилаётган пайтда тадбиркор Kun.uz таҳририятига Қамаши тумани ҳокими билан телефон орқали суҳбати ёзилган аудиони тақдим қилди. Унда Назарова туман ҳокимидан яна бир марта еридан ноқонуний ўтказилган газ қувурларини олдиришда ёрдам беришини сўрайди. Ҳоким эса суҳбат давомида тадбиркорга «Керак бўлса, ерингни тортиб оламан», деб таҳдид қилган.
Kun.uz таҳририяти ваколатли органлар, хусусан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда аёлларнинг иқтисодий, ижтимоий ҳуқуқлари ва имкониятларини қўллаб-қувватловчи «Тадбиркор аёл» ассоциацияси Бибихалима Назарова дуч келган муаммони ҳал этишда кўмаклашишига умид билдириб қолади.
Мавзу юзасидан суриштирувларни давом эттирамиз ва тез кунларда Қамаши туман ҳокими ва тадбиркор ўртасида муаммо юзасидан интервью уюштиришга ҳаракат қиламиз.
Мавзуга оид
11:21 / 20.04.2026
Парвариш хизмати кўрсатувчи тадбиркорлар 2030 йилгача солиқдан озод этилади
12:15 / 10.04.2026
Хоразмда 7 минг сўмдан палов сотган тадбиркор жаримага тортилди
11:47 / 09.04.2026
“Обналчи” корхонанинг солиқ мажбурияти ҳалол тадбиркор гарданига юкланяпти” – тадбиркорлар Солиқ қўмитасидан норози
20:57 / 03.04.2026