Ўзбекистон | 10:45 / 14.02.2020
1634
4 дақиқада ўқилади

«Тошкент музейи»нинг асосий вазифалари белгиланади

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва унинг филиали “Тошкент музейи”нинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари қабул қилинади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва унинг филиали “Тошкент музейи”нинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун жойлаштирилди.

Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 8 ноябрдаги “Адиблар хиёбонида атоқли сўз санъаткорлари ва жамоат арбоблари хотираларига бағишлаб ёдгорлик мажмуаларини ўрнатиш ҳамда “Тошкент музейи” фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 905-сонли қарорига мувофиқ Фанлар академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейи филиали “Тошкент музейи” ташкил этилган.

“Тошкент музейи”нинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланади:

Тошкент тарихи, археологияси ва этнографияси ҳамда музейшунослик йўналишлари бўйича илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш;

Тошкент воҳасидаги қадимий тарихий ёдгорликларни излаб топиш, тўплаш ва уларни ўрганиш мақсадида бошқа илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликда экспедициялар ташкил этиш;

музей кўргазма залларидаги экспонатлар орқали халқни тарих бунёдкори ва моддий-маънавий бойликларни яратувчи сифатида кўрсатиш, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тарихни ёритиш;

республика таълим муассасалари билан ҳамкорликда музейда очиқ дарслар, маъруза ва семинар машғулотлари, талабаларнинг малакавий амалиёт ўташини таъминлаш;

кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш, ходимлар таркибини истеъдодли олимлар, ёш илмий кучлар билан доимо тўлдириб бориш.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Фанлар академияси Ўзбекистон тарихи давлат музейи фан ва таълим интеграциясини янада ривожлантириш, музейни кадрлар билан таъминлаш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет тарих факультети, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан ҳамкорликда музейда тарих, музейшунослик ва реставрация бўйича қўшма кафедралар ташкил этади.

Молия вазирлиги:

Музей раҳбари ва илмий ходимлари, шу жумладан, музей филиали илмий ходимларининг иш ҳақи Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасалари раҳбар ва илмий ходимларининг базавий лавозим маошларига тенглаштиради.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ички ишлар вазирлиги, “Давархитектқурилиш” қўмитаси:

Музейда ташқи ва ички хавфсизлик ҳамда махсус назорат тизимини шакллантириш, сайёҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, намунали сервис хизматини кўрсатиш мақсадида музей майдонига кириш қисмида автотураргоҳ ва махсус йўлак ташкил этади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси Миллий боғдаги собиқ Ўзбекистон маданияти ва санъати кўргазмалари биноси (Тошкент музейи), Бунёдкор кўчаси томонидан кириш аркасининг икки томонидаги бинолар (хоналар)ни белгиланган тартибда музей балансига ўтказади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ўзбекистон тарихи давлат музейи ва унинг филиали ҳисобланган “Тошкент музейи” экспозициясини шакллантириш, замонавий техник воситалар билан таъминлаш, тарғиб этиш ва доимий равишда моддий-техник базасини мустаҳкамлашда масъул этиб тайинланади.

Тошкент музейини тарғибот ва ташвиқот қилувчи реклама стендлари Адиблар боғининг кириш қисмига ўрнатилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид