Ўзбекистон | 18:50 / 14.02.2020
41331
2 дақиқада ўқилади

Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари ректорликка тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров лавозимидан озод этилди.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Юсубжанович Умаров Тошкент давлат педагогика университетининг ректори этиб тайинланди.

Вазирлар Маҳкамасининг 14 февраль кунги 82-сонли «Олий таълим муассасалари ректорларини лавозимларга тайинлаш тўғрисида»ги қарори билан Тошкент давлат педагогика университетининг ректори Шавкат Сафарович Шарипов лавозимидан озод этилган. У 2013 йил майидан буён университетга раҳбарлик қилиб келаётганди.

Шавкат Шарипов

Ҳукуматнинг шу қарори билан Жиззах давлат педагогика институтининг ректори Абдуғани Жуманазарович Холбеков ҳам лавозимидан озод этилган ва унинг ўрнини Тошкент давлат педагогика университетининг эндиликда собиқ ректори Шавкат Шарипов эгаллаган.

Алишер Умаров 1962 йил Қирғизистон Республикасининг Ўш шаҳрида туғилган, 1984 йилда Тошкент давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) тамомлаган, физика-математика фанлари номзоди.

У 2004 йилдан 2016 йилгача Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Халқаро ходими ва ЮНЕСКОнинг Жакартадаги (Жанубий-Шарқий Осиё бўйича), Пномпендаги (Шарқий Осиё бўйича), Москвадаги (Мустақил Давлатлар Ҳамкорлиги ва Шарқий Европа мамлакатлари бўйича) ва Нью-Деҳлидаги (Жанубий Осиё бўйича) ваколатхоналари таълим департаменти бошлиғи, 2016-2017 йилларда ЮНЕСКОнинг Бош қароргоҳи қошида ЮНЕСКОнинг таълим соҳасидаги сиёсат, ислоҳотлар ва инвестициялар бўйича халқаро эксперти бўлиб ишлаган.

У 2017 йилда бир муддат Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси Халқаро алоқаларни ривожлантириш бошқармасига раҳбарлик қилган.

2017-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи, 2018-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи бўлган.

2018 йил ноябридан буён Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди.

Бундан аввалроқ Мактабгача таълим вазири ўринбосари Собитхон Турғунов Наманган давлат университети ректори лавозимига тайинлангани хабар қилинганди.

Мавзуга оид