Жамият | 18:18 / 29.06.2021
15247
2 дақиқада ўқилади

«Бир йилда университетимизга 1200 марта текширув келди» – ТДПУ ректори

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига охирги бир йил мобайнида 1200 марта текширувлар бўлган. Бу ҳақда АОКАда Тошкент давлат педагогика университети ректори ва мутасаддилари иштирокида ўтказилаётган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Тошкент давлат педагогика университети ректори Алишер Умаров қоғозбозликни камайтириш, соҳани рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни йўқотиш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Таълим муассасаларидаги текширувларнинг кўплиги ва бу ҳолат уларнинг фаолиятига ёмон таъсир қилиши ҳақида гапирди.

«ОТМларга бўладиган босимлар, мустақил эмаслик у ердаги профессор-ўқитувчилардаги ишга муносабатга ҳам таъсир қилмай қолмаган. 1,5 йилдан бери шу олийгоҳ раҳбари сифатида фаолият олиб бораётган бўлсам, охирги бир йил ичида университетга 1200 марта текширув келди. Кунига 3тадан текширув келадиган бўлса биз қачон ўз фаолиятимиз билан шуғулланамиз? Президент қарори билан ОТМларга мустақиллик яратиляпти бундай текширувларни ва қоғозбозликни йўқотиш юзасидан. Энди университетлардаги илмий кенгашлар бошқарув кенгашлари вазифасини бажара бошлайди», деди у.

Шунингдек, ректор университетда шаффоф ўтказилган битирув имтиҳонларидан 241 нафар талаба ўтолмагани ҳақида маълум қилди.

«Рақамлаштириш орқали бюрократия ва коррупцияни қисқартирамиз. Коррупцияни қисқартириш бўйича мисол: биз жорий ўқув йилида биринчи марта барча битирув имтиҳонлари, диплом ҳимоя ишларини очиқдан очиқ You Tube орқали барчага тақдим этиб ўтказдик. Ўтган йилларда бу ерда битирув имтиҳонларидан йиқилган талабалар жуда кам - 7-8 нафар бўларди.

Бу йил эса 241 нафар талаба имтиҳондан ўтолмади. Бунга сабаб биз уларнинг билим сифати, малака ва мутахассислигига жавоб берамиз», деган у. 

Мавзуга оид