Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қорақалпоғистон адлия вазири Халқ қабулхонаси раҳбари этиб тайинланди
Президент администрациясининг 2020 йил 13 февралдаги фармойишига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Халқ қабулхонаси мудири лавозимига Салауатдин Худайбергенов тайинланди. У 2018 йил 15 октябрдан буён Қорақалпоғистон адлия вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.
Маълумот учун, Қорақалпоғистон Халқ қабулхонаси раҳбари Ҳакимбай Аширович Халимов ўз аъризасига кўра 2019 йилнинг август ойида ишдан бўшагандан буён мазкур лавозим вакант бўлиб турган эди.
Салауатдин Худайбергеновнинг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келган Алишер Атажанов Қорақалпоғистон адлия вазири вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланган.
С.Худайбергенов 1995–1999-йилларда Қорақалпоғистон адлия вазирлиги, 1999–2006-йилларда Ўзбекистон адлия вазирлиги, 2006–2012-йилларда Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимларда ишлаган. 2012–2015-йилларда Қорақалпоғистон адлия вазири, 2015–2018-йилларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати сифатида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги парламентига мурожаатномасида бундан буён ижро органлари раҳбарлари ишига халқ қабулхоналарида келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили асосида баҳо берилишини айтган, халқни қийнаётган муаммолар эса ОАВ, ижтимоий тармоқлардаги кайфиятлар, халқ қабулхоналари ва бошқа “барометрлар” орқали аниқланишини таъкидлаганди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури лойиҳасида давлат органларида халқ билан мулоқот ва мурожаатлар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш кўзда тутилган бўлиб, давлат органларининг мурожаатлар билан ишлаш бўлинмаси ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод этиш масалаларини тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Халқ қабулхоналари билан мажбурий тартибда келишиш белгиланган.