Жаҳон | 23:10 / 18.02.2020
9050
1 дақиқада ўқилади

БААда 25 млрд долларлик биринчи араб атом электр станцияси ишга туширилади

БААнинг атом фаолиятини тартибга солиш федерал агентлиги (FANR) амирликлардаги Barakah атом электр станциясининг биринчи блокини ишга туширишга лицензия берди. Рухсат олингач, АЭС 2020 йилнинг биринчи ярмидаёқ ишга туширилиши мумкин.

Barakah атом электр станцияси / Фото: AFP

Бу ҳақда БААнинг Халқаро атом энергияси агентлигидаги доимий вакили ва FANR директорлар кенгаши раҳбари ўринбосари Ҳамад ал-Каъбий маълум қилди.

“Атом электр станциясининг биринчи блоки ишга туширилишига лицензия берилишини расман эълон қиламиз. Бу минтақада атом станциясига эга биринчи араб давлати бўлган БАА учун тарихий лаҳзадир”, деб айтган ал-Каъбий. 

Унинг айтишича, лицензия олингач, станция эксплуатациясига жавоб берувчи Nawah Energy Company компанияси станцияни тижорий мақсадда ишга туширишга тайёрлай бошлайди.

Аввалроқ FANR бош директори Христер Викторссон АЭС лицензия олингач ва унга ядро ёнилғиси юклангач 2020 йил бошида ишга туширилиши мумкинлигини маълум қилганди.

4 та реакторга эга АЭС мамлакат ғарбида, Форс кўрфази соҳилида, Абу-Даби амирлигининг Ал-Ғарбия вилоятида қурилмоқда. 

25 млрд долларлик АЭС қурилиши 2011 йилда бошланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид