21:11 / 18.02.2020
0
16418

Ҳафтар кучлари қурол ортилган турк кемаси йўқ қилинганини эълон қилди 

Фельдмаршал Халифа Ҳафтарнинг Ливия миллий армияси Триполи портида қурол ва ўқ-дори ортилган турк кемасини йўқ қилганини эълон қилди. 

Фото: Egypt today

Ливия оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Туркия ҳарбий-денгиз флоти Ливия пойтахти Триполига қўшин ва танклар етказмоқда. 

Ўз навбатида, БМТ бош котиби махсус вакили Гассан Саламе аниқ давлатлар номини келтирмай, Берлинда январда ўтган Ливия бўйича анжуманда иштирок этган давлатлар январдан бери ўз қурол эмбаргосини бузаётганини маълум қилди.  

Унинг таъкидлашича, Триполига қурол ва қўшин юбориш қарори Берлинда Ливияга қурол етказишга тақиқлов имзоланиши олдидан ёки ундан кейин қабул қилинганини ҳозирча аниқлаш қийин.

Ливия 2011 йилда Муаммар Қаззофий ҳокимиятдан четлатиб, ўлдирилгандан кейин яхлит давлат сифатида фаолият юритишдан тўхтаган. Айни вақтда мамлакатда қўшҳокимлик ўрнатилган.  

Берлинда 19 январда Ливия бўйича Россия, АҚШ, Туркия, Миср ва бошқа бир қатор давлатлар ҳамда Европа Иттифоқи ва БМТ иштирокида халқаро анжуман бўлиб ўтганди. Шунингдек, Берлинга Ливиядаги қарама-қарши томонлар етакчилари – Фаёз Саррож ва Халифа Ҳафтар ҳам келган. Бироқ улар ўртасида учрашув ташкиллаштиришнинг уддасидан чиқилмаган.

Анжуманнинг асосий натижаси иштирокчиларнинг Ливияда ўт очишни тўхтатишга чақириши ва ихтилофга аралашмаслик, жумладан қарама-қарши томонларга қурол етказмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олиши бўлган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top