Ўзбекистон | 16:45 / 19.02.2020
55196
2 дақиқада ўқилади

Азизбек Икромов янги лавозимга тайинланди

Генерал-майор Азизбек Икромов Ички ишлар вазирлигида ўз лавозим ва вазифаларини сақлаб қолган ҳолда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари вазифаларини ҳам бажаради.

Фото: Kun.uz

Ички ишлар вазирининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари Азизбек Икромов зиммасига янги ташкил этилган Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари вазифаси ҳам юклатилди. 

Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар беришича, 19 февраль куни Вазирлар Маҳкамасида ўтказилган йиғилишда Азизбек Икромовга янги ташкил этилган Маҳалла ва оила масалалари вазирлигига вазир ўринбосари вазифасини бажариш юкланган.

У бир вақтнинг ўзида Ички ишлар вазири ўринбосари лавозимидаги фаолиятини ҳам давом эттиради.

Ички ишлар вазирлиги тизимида хизмат қилган генерал-майор Азизбек Исроилович Икромов 2017 йилдан Мудофаа вазирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган, 2019 йил ноябрида эса Ички ишлар вазири ўринбосарига айланганди.

18 февраль куни «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Ўзбекистонда янги вазирлик - Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тузилди.

Шу куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Маҳалла» хайрия жамоат фонди раиси Раҳмат Маматов Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири лавозимига номзод сифатида маъқулланди.

Мавзуга оид