Ўзбекистон | 13:22 / 21.02.2020
5244
2 дақиқада ўқилади

Ногиронликни аниқлаш тартиби қачон соддалаштирилади?

ТМЭКда тиббий кўрикдан ўтиш тартиботлари жуда мураккаблиги ва шаффоф эмаслиги қайд этилди

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзолари бир гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, ногиронларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги мутахассислари билан учрашдилар.

Сенат ахборот хизматига кўра, учрашувда бугунги кунда ногиронларни қийнаб келаётган, уларнинг ортиқча сарсон-саргардончилигига сабаб бўлаётган муаммолардан бири тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва ногиронликни аниқлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашувда фуқароларнинг ТМЭКларда тиббий кўрикдан ўтиш тартиботлари жуда мураккаблиги ва шаффоф эмаслиги, тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнларида инсон омили юқорилигича қолаётганлиги, даволаш профилактика муассасаларида мутахассислар ва тиббий ускуналар етишмаслиги қайд этилди.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан ТМЭКларнинг моддий-техник базаси маънавий эскирганлиги, улар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий қилинмаганлиги, ТМЭК мутахассислари томонидан тиббий кўрик ҳужжатлари ортиқча вақт сарфланган ҳолда қўлда тўлдирилаётганлиги танқид қилинди.

Учрашув якунида Қўмита аъзолари томонидан мазкур масала юзасидан парламент сўрови тайёрланаётганлиги ва кўтарилган барча муаммолар сўровда ўз аксини топиши таъкидлаб ўтилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид