12:20 / 23.02.2020
0
28597

Тошкентда италиялик сайёҳ жонсиз ҳолда топилди

Тошкентнинг Миробод туманида ижарага олинган хонадонда Италия фуқароси 27 ёшли Гено Жоржо (Gheno Giorgio) жонсиз ҳолда топилди. 

Фото: starnow.com.au

Таъкидланишича, йигитнинг жасади топилгани ҳақида 16 февраль куни соат 23.00да Миробод тумани ИИО ФМБ навбатчилик қисмига италиялик вақтинчалик прописка асосида истиқомат қилган хонадон эгаси хабар қилган. 

Воқеа жойини кўздан кечириш давомида кириш эшиги бузилмаганлиги, хоналарда буюмлар ўз жойларида турганлиги, марҳум зўравонлик билан ўлдирилганлигининг излари топилмаган. 

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳозирги вақтда ушбу ҳолат бўйича Миробод тумани ИИО ФМБ томонидан суриштирув олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати маълумотларига кўра, Гено Жоржо сайёҳ сифатида Тошкентга жорий йилнинг 9 февралида келган ва 10 февралда онлайн-хизматлар орқали Италия элчихонаси вакили кўмагида Миробод туманида 30 кунга ижарага олган хонадонида рўйхатдан ўтган.

Сайёҳ 10 февраль кунидан алоқага чиқмагач, унинг қариндошлари элчихонага мурожаат қилганлар. Элчихона вакиллари 16 февралда Гено Жоржо истиқомат қилган хонадонга келганларида эшик қўнғироғига ҳеч ким жавоб бермаганидан сўнг, улар хонадон эгаси Б.Ф.ни чақирганлар. Улар биргаликда хонадонга киришганда жасадга дуч келишган.

Республика суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиалининг маълумотномасига кўра, италиялик жасади топилганидан бир неча кун илгари ҳаётдан кўз юмган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд тиббий экспертиза тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, Гено Жоржо Тошкент шаҳрига жорий йилнинг 9 февраль куни Малайзиядан учиб келган.

Сўров давомида хонадон эгасининг сўзларига кўра, жорий йилнинг 10 февраль куни йигит унга мазаси бўлмаётганлигини айтган, аммо шундан сўнг у алоқага чиқмаган.

Қўшниларнинг айтишларича, улар Б.Ф.нинг хонадонида кимдир яшашини билишмаган, чунки на шовқинни ва на кимдир кириб-чиққанини кўрмаганлар.

Италия фуқаросининг ўлими факти бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

Маълум қилинишича, Гено Жоржо бодибилдинг билан шуғулланган ва узоқ вақт давомида Италия ортида яшаган. У Тошкентга келишдан аввал Австралияда модел бўлиб ишлаган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top