Жамият | 14:24 / 25.02.2020
2459
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда кўзи ожизлар учун илк бор спектакль намойиш қилинади

 Тошкентда кўзи ожизлар учун илк бор мослаштирилган спектакль намойиш қилинади

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

 28-29 февраль кунлари Ёшлар давлат театрида илк маротаба кўзи ожизлар учун мослаштирилган саҳна асарлари намойиш этилади. Тифлошарҳлаш орқали намойиш этиладиган саҳна асарлари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси томонидан “Кўнгил кўзи” лойиҳаси кўмагида ташкиллаштирилмоқда.

 Илк инклюзив театрда Тимур Зулфиқоров достонига асосланган “Хўжа Насриддиннинг илк муҳаббати” (Первая любовь Ходжи Насреддина) шоуси ҳамда Наби Абдураҳмоновнинг режиссёрлик иши ҳисобланган “Ихтиёрсиз табиб” (Лекарь поневоле) саҳна асарлари намойиш қилиниши режалаштирилган.

 Спектакль намойишига Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи кўзи ожиз ва кўриш имконияти чекланганлар таклиф қилинган. Меҳмонлар томошани тифлошарҳлаш технологияси орқали қабул қилишади.

 Тифлошарҳлаш кўзи ожиз/кўриш қобилияти чекланган шахсларга музей, театр, кўргазма ва кинотеатрга ташриф буюриш имкониятини берувчи технология ҳисобланади. Саҳнада, расмда ёки экранда намойиш этилаётган ҳолат қисқа ва лўнда қилиб, шу ўринда, барча деталларни қамраб олган ҳолда шарҳланади. Фойдаланувчи бу маълумотни қулоқчинлар орқали қабул қилади.

 Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ўтган йилдан бошлаб маданият объектларида инклюзив муҳитни яратиш борасида ҳаракат бошлаган бўлиб, театрларда тифлошарҳлаш амалиёти ҳам шу ҳаракат доирасида амалга оширилмоқда. Инклюзив театр лойиҳаси 2019 йил ноябр ойида бўлиб ўтган Samarkand Half Marathon хайрия марафонидан тушган маблағлар асосида ташкиллаштирилган.

Саодат Абдураҳмонова
Тайёрлаган Саодат Абдураҳмонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид