Жорий йилнинг 3 январ куни Kun.uz сайтида “Кўзи ожиз болаларнинг муаллимлари мурожаат билан чиқди. Улар 12 йиллик таълим сақлаб қолинишини сўрамоқда” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда Тошкент шаҳридаги 77-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернати ўқитувчилари кўзи ожиз болалар интернатларида таълим муддати 12 йилдан 11 йилга ўтказилаётгани кўзи ожиз ўқувчилар таълимига салбий таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида гапирганди.

Мақола эълон қилинганидан деярли бир ой ўтиб, Халқ таълими вазирлиги ушбу мақола юзасидан ўз муносабатини билдирди.

Вазирлик муносабатида айтилишича, кўзи ожиз болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида V-X синфлар учун дарс машғулотлари умумий ўрта таълим дастурининг V-IX синфларига нисбатан аниқ фанларнинг мавзулари кенгайтириб ўтилиши ҳисобига 5 йилда ўртача битта фанда дарс соатлари 26 – 27 соатга ортиши натижасида алоҳида X синф ташкил этилган. Натижада умумий ўрта таълим дастури бўйича тегишли синфда ўтилиши лозим бўлган мавзулар ўқувчиларга кейинги ўқув йили (синф)да ўтилмоқда.

“Бу мавзуларнинг мавсумга ҳамда ўқувчиларнинг физиологик ривожланишига мос равишда ўтилиши талабларига жавоб бермайди. Шунингдек, муассасаларнинг V-X синфларида биология, кимё ва физика фанларининг ўқув дастуридаги ўртача 44 соатлик лаборатория ишлари ўқувчиларнинг имкониятини инобатга олиб, назарий тарзда ўтиб келинади”, - дейилади ХТВ маълумотида.

Билдирилишича, президентнинг 2020 йил 13 октябрдаги “Алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларга таълим-тарбия бериш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори билан 2020–2025 йилларда халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепцияси қабул қилинди. Қарор билан 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида мажбурий умумий ўрта таълимни 11 йиллик (интеллектуал ривожланишида нуқсонлари бўлган болалар учун (ёрдамчи) мактаблар, мактаб-интернатларда 9 йиллик) муддатда амалга оширилиши белгиланган.

“Бундан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистонда инклюзив таълимни ривожлантириш, алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган болаларни умумтаълим муассасаларида инклюзив таълим шароитида ўқишга тайёрлаш, билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялаш ҳамда уларга таълим-тарбия бериш тизимини такомиллаштириш ва кўрсатиладиган таълим хизматлари сифатини яхшилашдан иборат”, - дейилади муносабатда.

Қайд этилишича, “Таълим тўғрисида”ги қонунда умумий ўрта таълим (I-XI синфлар), бошланғич таълим (I-IV синфлар), таянч ўрта таълим (V-IX синфлар) ва ўрта таълим (X-XI синфлар) босқичларидан иборат эканлиги белгилаб қўйилган.