22:32 / 26.02.2020
0
9826

Коронавирус Покистонда аниқланди, Эронда 39 киши ундан соғайиб кетди

Покистон бош вазирининг соғлиқни сақлаш бўйича махсус ёрдамчиси Зафар Мирза Синд вилоятининг пойтахти Карачида коронавирусдан касалланиш бўйича мамлакатдаги илк 2 та ҳолат қайд этилганини маълум қилди.    

Фото : Зафар Мирза / Twitter

“Мен Покистонда коронавирусдан касалланиш бўйича илк 2 та ҳолат қайд  этилганини тасдиқлашим мумкин”, деб маълум қилган Мирза.

“Иккала бемор ҳам мавжуд стандартлар ва баённомаларга мувофиқ зарур даволашни олмоқда. Уларнинг иккисининг ҳам аҳволи барқарор. Ваҳима қилишга асос йўқ, вазият назорат остида”, деб таъкидлаб ўтган Мирза.

Коронавирусга чалинган биринчи киши Эрондан келган 22 ёшли йигит бўлган. Таъкидланишича, йигит ва унинг оиласи аъзолари тиббий кўрикдан ўтказилгандан кейин карантинга жойлаштирилган. Айни вақтда у билан бирга самолётда келган барча одамлардан таҳлиллар олинмоқда.

Бу орада Эронда коронавирусга чалинган 39 киши соғайиб кетган. Бу ҳақда Fars ахборот агентлиги хабар берди. 

Соғайиш ҳолатлари мамлакатнинг турли ерларида, жумладан Эронда вирус тарқалиши ўчоғи бўлган Қум шаҳрида қайд қилинган. Соғайиб кетганлардан 30 нафари Қумга тўғри келмоқда.

Эрон вице-президенти Исҳоқ Жаҳонгирий мамлакатда коронавирус тарқалишига қарши кураш олиб бораётган барчага миннатдорлик билдирган. Унинг таъкидлашича, айни вақтда коронавирус Эрондаги биринчи навбатдаги муаммога айланган. 

Айни вақтда Эронда касалланганлар сони 139 нафарни ташкил қилмоқда, жумладан 19 киши ундан вафот этган.   

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top