Жаҳон | 20:00 / 28.02.2020
24246
9 дақиқада ўқилади

Идлибдаги эскалация: Путин ва Эрдўған келишишга уриниб кўради

Суриянинг Идлиб провинциясида жиддий эскалация юзага келган: пайшанба куни кечқурунги ҳаво ҳужуми оқибатида Туркия армиясининг камида 33 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Туркия томони ҳаво зарбалари «Сурия режими» ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан йўлланганини маълум қилган. Суриянинг бош иттифоқчиси Россия ҳужум нишонига тушиб қолган туркиялик ҳарбийлар «террорчилар орасида бўлгани»ни маълум қилган. Туркия буни инкор этган.

© Михаил Метцель/ТАСС

Туркия армияси Сурияда яна йўқотишга учради ва жавоб зарбаси йўллади

28 февралга ўтар кечаси Сурия армияси Жебел-аз-Завия ҳудудидаги турк ҳарбийларига зарба йўллади. Кейинроқ ушбу ҳаво зарбалари оқибатида туркиялик 33 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлгани ва 36 киши жароҳатлангани маълум бўлди. Бу ҳужумга жавобан Туркия Сурия армияси позицияларини ўққа тутди. Хусусан, турк ҳарбийлари Сурия ҳукуматининг Идлиб шарқида турган ҳарбий конвойини йўқ қилгани маълум қилинди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маъмуриятидагилар жавоб зарбалари йўллашда давом этилишини билдиришди. Мамлакат вице-президенти Фуат Ўктой Анқара Сурия президенти Башар Асаддан ҳарбийлар ўлими учун қасос олиши ва бу сурияликларга жуда қимматга тушишини билдирди. Ўктой сурияликлар президентини террорчи давлат раҳбари деб атади ва Асад жаҳон тарихига ҳарбий жиноятчи сифатида киришини айтди.

Аввалроқ февраль ойида Эрдўған ҳам Туркия бу ҳудудни Асадга бериб қўймаслиги ва Идлибни турклар учун ҳам, Сурия халқи учун ҳам хавфсиз ҳудудга айлантирмоқчилигини маълум қилганди. У Сурия армияси ҳарбий ҳаракатлари оқибатида ҳалок бўлган турк аскарлари учун қасос олинишига ваъда берганди.

Фото: Reuters

Россия бу ҳужумни жангарилар билан боғлади

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Сурия армияси 27 февраль куни кечаси Идлибда Россия Ҳарбий-космик кучлари самолётлари иштирокисиз «Ҳаёт Таҳрир аш-Шом» («Жабҳат ан-Нусра» ўрнида ташкил этилган) гуруҳига ҳужум қилгани, бу гуруҳ бутун фронт бўйлаб ҳужумга учраганида қарши зарба билан кутиб олинганини маълум қилган. Турк ҳарбийлари Бехун аҳоли пункти яқинида ўққа учраган.

Вазирлик Суриядаги душман томонларни яраштириш маркази Анқарадан доимий равишда Туркия ҳарбийларининг Идлибдаги жойлашуви бўйича маълумотларни сўраб турганини маълум қилган. «Берилган координаталарга кўра, Бехун пунктида туркиялик ҳарбийлар бўлмаслиги керак эди», — дейилади вазирлик хабарида.

Бу хабарлар ортидан Россиянинг Қора денгиздаги флотининг «Калибр-НК» қанотли ракеталари билан қуролланган икки фрегати Ўрта Ер денгизи томон ҳаракатлана бошлади. «Адмирал Макаров» ва «Адмирал Григорович» кемалари бир вақтда Туркия қирғоқлари яқинидан Босфор ва Дарданелл бўғозларини кечиб ўтди. Севастополдан чиққан бу кемалар Ўрта Ер денгизидаги Ҳарбий-денгиз флотига бориб қўшилиши режалаштирилган.

Идлибда яксон этилган танк 
Фото: SANA / Reuters

Туркия Босфорни ёпиш ва қочқинлар учун Европани очиш билан таҳдид қилди

Туркия Мудофаа вазири Хулуси Оқарнинг айтишича, ҳудуддаги ҳаракатлар Россия билан мувофиқликда олиб борилса-да туркларнинг Идлибдаги позицияларига зарбалар берилаётганини маълум қилган. У Анқара томони турк ҳарбийларининг жойлашиши бўйича маълумотларни олдиндан берган, лекин суриялик ҳарбийлар қуролли мухолифат бўлмаган ҳудудга - турклар жойлашган позицияларга зарба йўллаган. «Ҳатто тез ёрдам машиналарига зарбалар берилган», — деган у.

Вазир туркларнинг Сурия ҳарбийлари позицияларига берилган жавоб зарбалари оқибатида «Бук» ва «Панцирь» комплекслари, 23та танк, шунча ҳарбий техника ва 5та вертолёт йўқ қилинганини маълум қилган. Шунингдек, унинг айтишича, Башар Асад армиясининг 309 ҳарбийси йўқ қилинган, турк ҳарбийлари учун қасос олиниши давом этади.

Туркиялик журналист Ҳоқон Челик эса Идлибдаги вазият кескинлашиши фонида Туркия Босфор бўғозини Россия ҳарбий-денгиз кучлари кемалари учун тўсиб қўйиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, Анқара агар Россия Сурияда Туркияга қарши ҳаракатлар амалга оширса, бўғоз ёпиб қўйилиши аниқ. Шунингдек, журналист Туркия ўз ҳаво кенгликларини Россия авиацияси учун ёпиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Бундан ташқари, туркиялик амалдорлардан бири Туркия энди суриялик қочқинларни Европа ҳудудига ўтказиб юбориши мумкинлиги ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат энди бундан кейин Идлибдан келаётган қочқинларнинг мамлакат бўйлаб ҳаракатланиб, Европага йўл олишига тўсқинлик қилмайди. Полициячилар ва чегарачиларга уларга қаршилик қилмаслик бўйича кўрсатма берилган. Аввалроқ Эрдўған бир неча марта агар Европа Туркияга ёрдам бермаса, қочқинлар учун Европа эшикларини очиб юбориши мумкинлиги билан таҳдид қилганди.

Эрдўғаннинг маслаҳатчиси, хавфсизлик ва ташқи сиёсат бўйича президент қўмитаси аъзоси Месут Ҳаққи эса Туркия Россия билан урушга тайёрлигини маълум қилди. 

«Биз улар билан оға-инимиз [сурияликлар] . Биз ака укани ўлдирмаслиги учун шу ердамиз. Ўтмишда биз Россия билан 16 марта жанг қилганмиз, буни яна қилишимиз мумкин», деди у.

НАТО кенгаши Туркия сўрови билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилди

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг 28 февраль куни ташкилотда шошилинч йиғилиш чақирилганини маълум қилди. Унда Суриядаги вазият муҳокама қилинган. Анқара Шимолий Атлантика келишувининг 4-моддасига биноан шундай учрашув ўтказиш ташаббусини билдирган. Бу моддага кўра, ташкилот аъзоларидан бирининг ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки миллий хавфсизлиги хавф остида бўлса шартнома иштирокчилари ўзаро маслаҳатлашиши кўзда тутилган.

Бунгача Столтенберг Сурия Ҳарбий-ҳаво кучларини ва уларни қўллаётган Россия Ҳарбий-космик кучларини Идлибдаги ҳужумлар учун қоралаб чиққанди. У зиддиятнинг барча иштирокчиларини вазиятни кескинлаштирмасликка чақириб, Дамашқ ва Москва «халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилган ҳолда ҳужум қилишни тўхтатиши кераклиги»ни билдирганди.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам Идлибдаги вазиятга эътибор қаратиб, томонларни зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирган.

Йенс Столтенберг
Фото: Zhang Cheng / Xinhua / Globallookpress.com

Россия ва Туркия келишишга ҳаракат қилмоқда

Сўнгги ойларда минтақада вазият кескинлаша бошлагач, зиддиятнинг икки томонида турган икки йирик давлат музокараларнинг бир неча раундини ўтказишди. Февраль ойининг иккинчи қисмида бўлиб ўтган сўнгги музокаралардан кейин Эрдўған Туркия Россия билан Идлиб бўйича музокаралардан қониқиш ҳосил қилмаётганини айтган, Кремлдагилар эса вазиятни хавотирли деб атаб, Сурия армиясига нисбатан агрессив ҳаракатлар кучайиб бораётганини қайд этишганди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков эса рус-турк муносабатларининг салбий сценарийсидан қочишга чақирганди.

Жума куни, Идлибдаги навбатдаги қон тўкилишидан кейин россияликлар президенти Владимир Путин ва турклар президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған телефон орқали мулоқот қилиб, вазиятдан хавотирларини билдиришди.

Кремль матбуот хизмати хабар қилишича, турклар томони ташаббуси билан ташкиллаштирилган мулоқотда икки томон ҳам Сурия шимоли-ғарбидаги вазиятни нормаллаштириш учун қўшимча чоралар кўриш кераклигини айтишган ва бу мавзуни яқин вақтлар ичида юзма-юз муҳокама қилиш бўйича келишиб олишган.

Идлибдаги вазият январда кескинлаша бошлаган

Россия ва Туркия ўртасидаги Идлибни ҳарбий ҳаракатлардан холи ҳудуд қилиш ҳақидаги келишувга қарамай жорий йил бошида Сурия армияси ушбу ҳудудга юриш бошлади. Дамашқ бу ҳудуддаги қуролли мухолифатни террорчилар деб ҳисоблайди. Ҳужумлар февраль ойига келиб фаоллашди, бу орада Сурия шимолидаги иттифоқчиларини қўллаш учун Туркия минглаб ҳарбийларини Идлибдаги кузатув постларини мустаҳкамлаш учун йўллади. Сурия ҳукумати қўшини эса Идлибдаги деэскалация ҳудудининг қарийб ярмини эгаллаб олди ва туркларнинг кузатув постларини ўраб олди.

Фото: Murad Sezer / Reuters

Сурия ҳукуматининг бу ҳаракатлари Анқарадагиларни асабийлаштирди. Бундан ташқари, февраль ойи давомида туркларнинг позициялари бир неча марта сурияликлар томонидан ўққа тутилди ва жами 20га яқин турк аскари ҳалок бўлди. Анқара ҳам дам-бадам жавоб қайтариб турди. Эрдўған турк ҳарбийларига нисбатан янги агрессия бошлангудек бўлса, Сурия армиясига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошланишини, Асад кучлари позициялари тўла бомбардимон қилиниб, Идлиб осмонида учадиган ҳар қандай жисм йўқ қилинишини билдирди.

Февраль ойининг иккинчи қисмида Туркия томонидан қўллаб-қувватланадиган Сурия мухолифати Сурия армиясига қарши ҳужум бошлади. Улар бир неча кун олдин Найраб шаҳрини эгаллашган, 27 февраль куни эса мамлакатдаги асосий трассалар - М4 ва М5 автомобил йўллари кесишмасида жойлашган Саракиб шаҳрини қайтариб олгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Шу хабарлар ортидан Туркия ҳарбийлари ҳужумга учради ва 33 турк аскари қурбон бўлди.

Мавзуга оид