Ўзбекистон | 09:54 / 29.02.2020
14277
10 дақиқада ўқилади

Мева-сабзавотчилик соҳасида кластерлар ташкил этиш тартиби эълон қилинди

Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида кластерлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади

Фото: KUN.UZ

Вазирлар Маҳкамасининг “Мева-сабзавотчилик ва узумчилик соҳасида кластерлар ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, маҳаллий давлат ҳокимияти органи ҳамда ташаббускор ўртасида уч томонлама келишув тузиш орқали амалга оширилади.

Қуйидагилар кластернинг муассислари бўлиши мумкин:

хорижий ва маҳаллий инвесторлар;

барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган мева-сабзавот маҳсулотлари ва узумни тайёрлаш, сақлаш, ташиш ва қайта ишлаш корхоналари;

кластерлар ташкил этишда қатнашиши қонунларда тақиқланмаган бошқа юридик шахслар.

Мева-сабзавотчилик кластери унинг қатнашчилари томонидан ихтиёрий тартибда ташкил этилади.

Мева-сабзавотчилик кластерини таъсис этишда унинг муассислари ўз мустақиллигини сақлаб қолади.

Мева-сабзавотчилик кластери тижорат ташкилотлари ҳисобланади ва қонунда назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда шу жумладан хорижий инвестор билан қўшма корхоналар шаклида ташкил этилиши мумкин.

Мева-сабзавотчилик кластери таркибида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, ташиш, тайёрлаш, уларнинг маркетингини олиб бориш, илмий таъминот ва бошқалар бўйича бўлинмалар ташкил этилиши мумкин.

Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари мева-сабзавотчилик кластерининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Мева-сабзавотчилик кластерини шакллантириш ва фаолиятини ташкил этиш қуйидаги асосий тамойилларга риоя қилган ҳолда амалга оширилади:

мева-сабзавотчилик кластери хорижий инвесторлар ёки маҳаллий тадбиркорлар томонидан ихтиёрийлик асосида ташкил этилади, бунда муассислар таркибига, барқарор хўжалик алоқаларига ва илғор ишлаб чиқариш технологияларига эга бўлган, шунингдек яқин атрофдаги ҳудудда жойлашган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини қайта ишлаш, тайёрлаш, сақлаш, қадоқлаш, ташиш, сотиш корхоналари, илмий марказлар кириши мумкин;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларининг мева-сабзавотчилик кластери билан ўзаро муносабатлари, улар ўртасида тузилган шартномалар асосида амалга оширилади ва шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тартибга солинади;

шу жумладан, етказиб бериладиган маҳсулотнинг камида 40 фоизи аванс билан таъминланиши ҳамда кейинчалик маҳсулотларнинг кафолатли равишда харид қилиниши белгилаб қўйилади;

шатномадан ортиқча етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари товар ишлаб чиқарувчилар томонидан эркин тасарруф этилади, шу жумладан қўшимча келишувга кўра мева-сабзавотчилик кластерига сотилиши мумкин.

Қуйидагилар мева-сабзавотчилик кластери ташаббускорини танлаш мезонлари бўлиб ҳисобланади:

Мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштириш бўйича ер ижара шартномасининг мавжудлиги;

мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва транспортировка қилиш ҳамда тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш имконини берувчи мева-сабзавот кластери инфратузилмаси ва замонавий қишлоқ хўжалиги техникаларининг ёки тармоқ ва ҳудудий дастурлар доирасида тегишли қарорлар билан тасдиқланган ҳамда қисқа муддатда (1 йилгача) ишга тушиладиган мева-сабзавот кластери инфратузилмасини ташкил этиш бўйича инвестиция лойиҳасининг мавжудлиги;

ташаббускорнинг банк ҳисобварағида мева-сабзавот кластери фаолиятини ва инфратузилмасини ташкил этиш бўйича бизнес режани амалга ошириш учун етарли ва мажбуриятлардан озод бўлган пул маблағларининг ёки тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича инвестиция шартномасини ёхуд хизмат кўрсатувчи банкдан кредит олиш бўйича шартномасининг мавжудлиги;

янги узилган ва қайта ишланган мева-сабзавот ва узум маҳсулотларини 3 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда сотилганлигини ёки сўнгги 3 йилда ўртача 2 млн АҚШ доллари миқдорида экспортни амалга оширганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, ёки жорий календар йил учун 3 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда маҳсулотларни сотиш бўйича тасдиқланган шартномаларининг мавжудлиги.

Мева-сабзавотчилик кластери тармоқ ихтисослиги бўйича қуйидаги йўналишларда ташкил этилиши мумкин:

боғдорчилик – интенсив боғдорчилик ва томчилатиб суғориш технологиясини қўллаш асосида ва мевачилик, ёнғоқчилик, цитрус ва кўп йиллик маҳсулот етиштиришга ихтисослашган;

узумчилик – томчилатиб суғориш технологиясини қўллаган ҳолда интенсив асосда хўраки ва/ёки саноатбоп узум маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган;

сабзавотчилик – бир йиллик сабзавот, дуккакли экинлар, кўкат ва республика ҳудудида таъқиқланмаган бошқа қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришга ихтисослашган;

иссиқхона – қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда иссиқхона комплексларидан фойдаланишга ихтисослашган;

кўп тармоқли – юқорида санаб ўтилганлар бўйича биттадан ортиқ йўналишга ихтисослашган.

Мева-сабзавотчилик кластерлари мавжуд ер майдонлари ва маҳсулот ишлаб чиқариши турлари бўйича қуйидаги шаклларда ташкил этилади:

мустақил – тўлиқ циклда (мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш, сотиш бўйича) фаолият олиб бориш учун белгиланган тартибда ўзига ажратилган йирик ер майдонларига (плантация) эга мева-сабзавотчилик кластери;

тайёрлов-қайта ишлаш – ҳўл ёки қайта ишланган холда экспорт қилиш мақсадида мева-сабзавот маҳсулотларини бошқа ишлаб чиқарувчилар (фермер, деҳқон, агрофирма, кооперация ва бошқалар)дан фақат шартнома асосида сотиб олувчи мева-сабзавотчилик кластери;

аралаш – маҳсулот етиштириш учун белгиланган тартибда ўзига ажратилган ер майдонларига (плантация) эга ва бир вақтда шартнома асосида маҳсулот етиштирувчилардан (фермер, деҳқон, агрофирма, кооперация ва бошқалар) мева-сабзавотларни сотиб олувчи кластер.

Ташаббускор мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш учун тармоқ ихтисослиги ва турини кўрсатган ҳолда маҳаллий давлат ҳокимияти органига ариза билан мурожаат қилади.

Агар ташаббускор танлаган ихтисослигига мос ҳолда мева-сабзавот ва узум маҳсулотлари етиштириш учун ер участкасини фойдаланишга (ижарага) олишни ёки мавжуд ер майдонларини кенгайтиришни хоҳласа, буни аризада акс эттириши лозим.

Келгуси йил ҳосили учун мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш бўйича ташаббускорларнинг аризалари ҳар йили 15 сентябрга қадар тақдим этилади.

Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ташаббускорнинг тегишли бўлган мева-сабзавот кластери инфратузилмасининг, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг кластер усулини татбиқ этиш имкониятини берувчи мулк ва бошқа воситаларнинг мавжудлиги ҳақида маълумот. Бунда, бино ва иншоотларга нисбатан кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг Давлат реестридан электрон кўчирма, қишлоқ хўжалиги асбоб-ускуналарни ҳисобга олинганлиги тўғрисида маълумотнома;

мева-сабзавот кластери фаолиятини ташкил этиш бўйича бизнес режа;

маҳсулотни сотиш бўйича шартномалари нусҳалари;

амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари кўрсаткичлари (қиймати, инвестиция ҳажми, қуввати, иш ўрни, экспорт ҳажми ва бошқ.);

ташаббускорнинг банк ҳисобварағида мева-сабзавот кластери фаолиятини ва инфратузилмасини ташкил этиш бўйича бизнес режани амалга ошириш учун етарли ва мажбуриятлардан озод бўлган пул маблағларининг мавжудлиги ҳақида хизмат кўрсатувчи банк маълумотномасидан кўчирма (кейинги 3 ой давомида тўлиқ мавжудлиги) ёки тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб этиш бўйича инвестиция шартномасини ёхуд хизмат кўрсатувчи банкдан кредит олиш бўйича шартномасининг нусхаси.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органи ариза келиб тушган вақтдан бошлаб 5 иш кунида аризага илова қилинган ҳужжатлар асосида ташаббускорнинг мева-сабзавотчилик кластерини танлаш бўйича белгиланган мезонларга мувофиқлигини ўрганади ҳамда натижаси бўйича ташаббускорни ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилинади.

Бир майдонга бир ва ундан ортиқ ташаббускор қайд этилса, барча ташаббускорлар тенг ҳуқуқларга эга бўлади ва улар орасида қўшимча танлов эълон қилинади. Қўшимча танлов қуйидаги мезонларга асосланади:

ташаббускорнинг йиллик айланма маблағлари;

ажратилган ер майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги;

охирги 3 йилда экспорт ва қайта ишлаш ҳажми.

Ташаббускордан 30 сентябргача қўшимча ҳужжатлар тақдим этиши талаб этилади, танлов 1 октябрга қадар якунланади.

Ташаббускор томонидан мева-сабзавотчилик кластерини ташкил этиш бўйича берилган ариза ва ҳужжатлар мезонларга мувофиқ бўлмаган тақдирда, маҳаллий ҳокимлик томонидан тегишли камчиликлар кўрсатилган ҳолда ташаббускорнинг аризасини қаноатлантириш рад этилади. Бунда рад этиш сабаблари аниқ кўрсатилиши лозим.

Ташаббускорнинг аризасини қаноатлантириш рад этишга қуйидагилар асос бўлади:

ташаббускор томонидан зарур даражада расмийлаштирилмаган ҳужжатлар тақдим этилганлиги;

ҳужжатларда ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжудлиги;

ташаббускор мева-сабзавот кластери танлаш мезонларига мувофиқ бўлмаганлиги;

бошқа ташаббускорни танловда ғолиб чиқиши;

Бошқа сабабларга кўра қаноатлантиришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Қуйидагилар мева-сабзавот кластерининг асосий вазифалари ҳисобланади:

экинлар ҳосилдорлигини ошириш мақсадида селекция ва уруғчилик соҳасида янги технологияларни, “ноу-хау”ларни жорий этиш, инновацион ишланмалар яратиш ва кенг қўллаш;

маҳсулот етиштириш, тайёрлаш, сақлаш ва қайта ишлашнинг замонавий, интенсив ва ресурстежамкор технологияларни кенг жорий этиш орқали самарали фаолият юритиш;

чуқур маркетинг тадқиқотлари олиб бориш асосида ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, маҳсулот етиштиришнинг мақбул ҳажмларини белгилаш;

маҳсулотлар етиштириш, тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва қайта ишлаш ҳамда уларни ички ва ташқи бозорларда сотиш мақсадида чакана ва улгуржи савдо тизимини йўлга қўйиш, шу жумладан хорижий давлатларда савдо уйларини ва республика ҳудудларида фирма дўконларини очиш;

илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва маҳаллий шароитларда улардан кенг фойдаланиш, кластер тизимини кенг жорий этишда хорижий эксперт ва мутахассисларни жалб қилиш;

ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш, товар-хом ашёларни импорт-экспорт операцияларини амалга ошириш, инвестициялар, шу жумладан тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш;

кооперация алоқаларини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш;

аҳолини иш билан таъминлаш.

Мавзуга оид