08:41 / 29.02.2020
0
7153

Қозоғистонда ағдарилиб кетган автобус бўйича расмий маълумот берилди

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, тиббий ёрдамга эҳтиёж сезилмаган 

Фото: diapazon.kz

25 февраль куни Қозоғистоннинг Ақтўбе области ҳудудида Карабутак-Костанай трассасида ичида 45 йўловчи - Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган автобус ағдарилиб кетгани ҳақида хабар берилган эди. 

Ҳодиса вақтида автобус ичида бўлганлардан бири Kun.uz’га маълум қилишича, Чимкентдан Екатеринбургга қараб йўлга чиққан автобус йўл музлаши туфайли ағдарилган, унинг ичида ўндан ортиқ ўзбекистонликлар бўлган.

Ўзбекистоннинг Ақтау шаҳридаги (Қозоғистон) бош консулхонаси Чимкент – Екатеринбург йўналиши бўйлаб ҳаракатланган ва йўловчилари орасида 14 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган автобус Ақтўбе вилояти ҳудудида ағдарилиб кетгани тўғрисидаги хабарни тасдиқлади.

ТИВ хабарига кўра, ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, тиббий ёрдамга эҳтиёж сезилмаган. Қозоғистоннинг йўл полицияси ва фавқулодда вазиятлар бўйича органлари ходимларининг ёрдами билан йўловчилар эвакуация қилинган, автобусга техник хизмат кўрсатилган ва йўналишини давом эттирган.

ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти яна бир бор Ўзбекистон фуқаролари эътиборини автобусларда ёки автомобиль транспортининг бошқа турларида қишки вақтда Қозоғистонга киришда ёки унинг ҳудудидан ўтишда эҳтимолий хатарларни ҳисобга олиш ва тегишли чоралар кўриш зарурлигига қаратган.

Қозоғистон ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари, жумладан транзит билан бошқа давлатга ўтаётган юртдошларимиз, зарур ҳолларда мамлакатнинг Нур-Султон шаҳридаги элчихонасига (тел.: +7-717-295-45-87, +7-777-218-20-10), Ақтау шаҳридаги бош консулхонага (тел.: +7-29-277-71-17, +7-777-599-00-50, +7-777-599-00-51), Олмаота шаҳридаги бош консулхонага (тел.: +7-727-299-20-70, +7-727-390-26-16) мурожаат қилишлари мумкинлиги эслатиб ўтилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top