Жаҳон | 20:12 / 05.03.2020
9026
2 дақиқада ўқилади

Германиядаги меҳмонхона ва ресторанлар давлатдан ёрдам сўрамоқда

Кўрилаётган зарар дастлаб йирик кўргазмалар ўтказилиши режалаштирилган шаҳарларда сезилган.

Фото: Booking.com

Германиядаги меҳмонхона ва ресторанлар коронавирус сабабли тадбирларнинг бекор қилиниши ва талабнинг пасайиши ортидан зарар кўраётгани учун давлатдан ёрдам сўради, деб ёзмоқда Funke Mediengruppe нашри.

Маълум қилинишича, бу ҳақда Германия меҳмонхона бизнеси ва умумий овқатланиш корхоналари бирлашмаси (DEHOGA) бош директори Ингрид Хартгес маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, кўрилаётган зарар дастлаб йирик кўргазмалар ўтказилиши режалаштирилган шаҳарларда сезилган. Сўнгра навбат қатор тадбирлар бекор қилинган кичик ва ўртача аҳоли масканларига етиб келган. Бундан ташқари, меҳмонхоналарни брон қилиш бўйича янги сўровлар келиши тўхтаган.

Унинг фикрича, ушбу салбий ҳолат федерал ҳукумат ва махсус қўллаб-қувватлаш дастурлари бўйича бериладиган ёрдам орқали бартараф этилиши мумкин.

Германияда 5 март ҳолатига коронавирус билан зарарланиш бўйича 262 та ҳолат қайд этилган. Бу Европада Италия (3000 дан ортиқ бемор, 107 ўлим) ва Франциядан (285 бемор ва тўрт ўлим) кейин учинчи ўриндаги кўрсаткичдир.

Аввалроқ Европадаги энг йирик ҳудудий авиакомпания коронавирус сабабли инқирозга учрагани хабар қилинганди.  

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид