Жаҳон | 10:40 / 06.03.2020
14607
2 дақиқада ўқилади

Эронда яна бир нуфузли сиёсатчи коронавирусдан вафот этди

Эроннинг собиқ ташқи ишлар вазирининг муовини коронавирус туфайли вафот этди.

Эроннинг Дамашқдаги собиқ элчиси, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ва парламент спикери маслаҳатчиси Ҳусайн Шайхулислом (67 ёш) янги коронавирус келтириб чиқарган Covid-19 пневмонияси туфайли вафот этди.

Ҳусайн Шайхулислом / finansgundem.com

Эрон давлат телевидениеси хабарларига кўра, бир қанча муддат давомида Эрондаги Бутунжаҳон Исломий Мазҳаблар Ассоциациясининг Бош котиби ўринбосари бўлиб ишлаган Шайхулислом Covid-19 сабаб Теҳроннинг Масиҳ Данишвер касалхонасида вафот этган.

Дамашқ элчихонаси муовини, ташқи ишлар вазирининг ўринбосари ва Ассамблея президентининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Шайхулислом 1979 йил 4 ноябрда АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасини босиб олишда фаол рол ўйнаган шахслардан бири сифатида ҳам танилган.

Эслатиб ўтамиз, шу ҳафта бошида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий бошчилигидаги Мувофиқлик Кенгашининг олий аъзоси бўлган 71 ёшли Муҳаммад Мирмуҳаммадий коронавирус туфайли вафот этганди. Бундан ташқари, Эрон парламентиниг ўнлаб аъзоларида коронавирус аниқланган, шунингдек, Эрон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Ирож Ҳарирчи, Шошилинч тез тиббий ёрдам раҳбари Пирҳусайн Коливанд ҳамда Саноат, конлар ва савдо вазири Ризо Раҳмоний ҳам коронавирус билан касалланган.

  • Сўнгги маълумотларга кўра, бутун дунёда жами 85 мамлакатда вирусдан зарарланганлар сони 97 942 нафарни ташкил этмоқда, 3383 киши вирус қурбони бўлган, 55 185 киши соғайиб кетган.
  • 5 март маълумотига кўра, Эронда 3513 кишида вирус аниқланган, 107 киши оламдан ўтган.

Мавзуга оид