Ўзбекистон | 11:22 / 06.03.2020
6226
4 дақиқада ўқилади

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг асосий вазифалари белгиланади

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низом тасдиқланади

Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, вазирлик оила, хотин-қизлар ва кексаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлик ўрнатиш бўйича ваколатли давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бўйсунади.

Вазирлик тизимига қуйидагилар киради:

марказий аппарат;

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари;

туманлар (шаҳарлар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари;

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди;

Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди;

Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси;

Зулфия номидаги Давлат мукофоти комиссияси;

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ва бошқа ташкилотлар.

Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

жамиятда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойилининг тўлақонли ва самарали жорий этилишида ҳар томонлама кўмаклашиш, оилалар ва маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан яқин ҳамкорлигини ўрнатиш;

оила институтини мустаҳкамлаш бўйича, энг аввало, “Соғлом оила – соғлом жамият” ғоясини ҳаётга татбиқ этишга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини олиб бориш, нотинч ва муаммоли оилаларга манзилли кўмаклашишни ташкил этиш;

хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш;

хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш;

хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳнат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш масалаларида ҳар томонлама манзилли қўллаб-қувватлаш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, аҳоли кундалик муаммолари билан ишлаш ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги мавқеини юксалтириш;

маҳаллаларда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалаларида ички ишлар органлари, бошқа давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

ёлғиз кексалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларга моддий кўмаклашиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашда ҳуқуқий, услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш, кекса ва фахрийларнинг жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ривожлантириш ҳамда уларнинг билими, бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш;

фуқаролар йиғинларининг моддий-техника таъминотини яхшилаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид